ДХХ ва БП Ортиқхўжаевни текширолмайди ёхуд иши битган депутатлар Ортиқхўжаевдан юз ўгирадими?
Таҳлил
−
21 Январь 2023
53598Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугунги кунда дахлсизлик ҳуқуқини, сенаторлик, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси мақоми ҳамда парламент юқори палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Кенгашнинг раҳбарлар захирасини шакллантириш, танлаш, лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича комиссияси аъзолигини сақлаб келмоқда.
Бироқ, яқин кунларда уни депутатликдан кетказиш масаласи Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда Кенгашнинг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссия аъзоси Фурқат Қаландаров ҳамда Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия аъзоси Бобур Расулов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
“Фикримча, бу масала яқин кунларда Кенгашда кўтарилиши мумкин. Лекин бу ҳали номаълум. Кутилмаганда келган об-ҳаво кўпчиликни саросимага солиб қўйди. Жумладан, раҳбаримиз Ортиқхўжаевни ҳам. Натижада Президент уни лавозимдан олди. Лавозимдан кетганидан сўнг сессияда унинг масаласи кўтарилади. Кенгаш эса унинг кетиш-кетмаслигини ҳал қилади”, дейди Фурқат Қаландаров.
Унинг айтишича, туманларда туман ҳокимлари маҳаллий кенгашлар депутатларига раислик қилгани каби Тошкент шаҳрида ҳам ҳоким Ортиқхўжаев Кенгашга раислик қилиб келган.
“Бу қонунга ҳали ўзгартиш киритилгани йўқ. Шу сабабли у лавозимидан озод этилгани учун энди раислик қилолмайди. Бу масала эса Кенгашда, албатта, кўриб чиқилади”, қўшимча қилди у.
Қаландаровнинг фикрларини Тошкент шаҳар депутати Бобур Расулов ҳам тасдиқлар экан, ҳақиқатдан ҳам яқин кунларда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши Ортиқхўжаевнинг депутатлик мақомини бекор қилиш масаласини муҳокамага ташлаши мумкинлигини айтди.
“Ҳозирги қоида бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар ва Қорақалпоғистон Республикасининг раҳбарлари ўз-ўзидан Сенатга қабул қилинади. Сенат аъзоси бўлишнинг шартларидан бири эса ўша ҳудуд депутати бўлиб сайланишдир. У Тошкент шаҳар ҳокимлигидан кетганидан сўнг катта эҳтимол билан депутатлик ва сенаторликни ҳам топшириши мумкин. Бунда, албатта, Кенгаш депутатларнинг фикрини ҳам инобатга олади.
Аммо бу ерда бошқа жиҳатлар ҳам бор. Мен бу ҳақида гапиргим келмаяпти”, дейди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, Чўлпонота 6-округ депутати Бобур Расулов.
QALAMPIR.UZ мухбири худди шундай, яъни Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сенаторликдан кетиши мумкин ё йўқлиги ҳақидаги савол билан Марказий сайлов комиссиясига ҳам юзланди. Комиссия матбуот котиби эса ушбу саволга қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда жавоб берди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги қонуннинг 4-моддасига кўра, сенаторлар қуйидаги ҳолларда ваколатидан айрилиши ёки муддатидан олдин тугатилиши мумкин.
• ёзма аризасига кўра;
• сенаторлик ваколатларини амалга оширишига номувофиқ лавозимга ўтганлигида;
• суднинг айблов ҳукми кучга кирганда;
• суд муомалага лаёқатсиз деб топганда;
• бедарак йўқолган деб топилганда ёки вафот этганда;
• Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;
• палата тарқатиб юборилганда”, деди Марказий сайлов комиссияси Ахборот хизмати раҳбари Муродулла Алимбоев.
Шунингдек, у алоҳида ҳолларда Сенатнинг қарорига биноан сенаторнинг ваколати муддатидан илгари тугатилиши мумкинлтигини қўшимча қилди.Ортиқхўжаев масаласида эса ҳали сайлов комиссиясига ариза келиб тушмаган.
Қонунчиликда эса депутат, сенатор деган юксак номга доғ туширувчи хулқ-атвор бундай масалани кўриб чиқиш учун асос бўлиши, депутатнинг, сенаторнинг ваколатларини бошқа бир шахсга топшириш мумкин эмаслиги белгиланган.
Қонун Ортиқхўжаевнинг текширилишига қарши
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 16 январь куни ўтказган йиғилишини эсласак. Давлат раҳбари унда Ортиқхўжаев ва бошқаларни ишдан олиб, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага лавозимидан озод этилганларни текширишни буюрди. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг янги прокурори Эркин Йўлдошевга ҳам шундай топшириқ берилди. Афтидан бу топшриқ Ортиқхўжаевга нисбатан ишламайди, ё Президент унинг депутатлик ва сенаторлик дахлсизлигини ёддан чиқарган, ё келажакда ҳақиқатдан ҳам Ортиқхўжаевни ушбу ваколатлардан мосуво қилиш кутиляпти.
"Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 11-моддасига кўра, депутат ўзининг ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади.
Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Депутат тегишли халқ депутатлари Кенгашида овоз бериш чоғида фикр билдирганлиги ёки нуқтаи назарини баён этганлиги учун ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, шу жумладан, ваколатлари муддати тугаганидан кейин ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Агар шундай хатти-ҳаракатлар муносабати билан депутат ҳақорат қилишга, туҳмат қилишга ёки қонунда жавобгарлик назарда тутилган бошқа қонунбузарликларга йўл қўйган бўлса, у дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда жавобгарликка тортилади.
Қолаверса, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида депутат, сенатор ўзининг ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлиши белгиланган.
"Тегишли палатанинг розилигисиз депутат, сенатор жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Депутатни, сенаторни мажбурий келтиришга, шунингдек унинг уй-жойи, хизмат хонасини, юки, шахсий ва хизмат транспорти воситаларини, ёзишмаларини, у фойдаланаётган алоқа воситаларини, шунингдек унга тегишли ҳужжатларни кўздан кечиришга йўл қўйилмайди", дейилган қонунда.
Депутатлар Ортиқхўжаевни қандай "хотирлайди?"
Аввалроқ Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинганидан сўнг шаҳар ривожига қўшган ҳиссаси ва ёрдами учун миннатдорлик билдирган эди. Лекин кўп ўтмай бу хабар ўчириб ташланди.
QALAMPIR.UZ мухбири мазкур ҳолатга аниқлик киритиш учун депутатларга юзланди.
Кенгаш депутати Фурқат Қаландаров мазкур воқеа ва унинг тафсилотларидан хабардор эмаслигини билдирган бўлса, Бобур Расулов “миннатдорлик” барча депутатлар номидан эмаслиги, бу шунчаки Ахборот хизматининг ташаббуси бўлиши мумкинлигини айтди.
“Очиғини айтсам, бу масалада ҳамманинг фикри ҳар хил. Баъзи депутатлар Ортиқхўжаев ҳақида яхши фикрда, баъзилар эса жим туришни маъқул кўрмоқда. Лекин ҳеч кимдан Ортиқхўжаевнинг яхши ишларини ёритайлик, деган фикр чиқмади. Шунинг учун бу миннаддорлик барчанинг номидан эмас. Хабарнинг олиб ташланишига келсак, тахминимча, шундай буйруқ бўлган, тамом! Лекин бу ҳақида аниқ маълумотим бўлмагани учун фикримни асослай олмайман”, дейди Расулов.
Унинг Ортиқхўжаев масаласида шахсий фикрига, ундан миннатдор ёки йўқлигига қизиққанимизда эса собиқ ҳокимнинг яхши ишлари кўплиги билан жавоб қайтарди.
“У ўз фаолияти давомида кўп ижобий ишлар қилган. Ҳеч кимда йўқ жиҳати шуки, ҳар битта депутатга ўз ҳудудларидаги муаммоларни ҳал қилиш учун 2 млрд сўмдан пул ажратиб берган. Унинг бу ҳислатига, ҳатто, Расул Кушербоев ҳам тан бергани эсимда. Бу эса ҳақиқий жонкуяр депутатлар учун мактабларни таъмирлатиш каби масалаларда катта имконият эди.
Шунингдек, “Саҳоват ва кўмак” хайрия фондининг фаоллигини етарли деб ҳисобламай, ҳар бир депутатнинг бириктирилган ҳудудларидаги эҳтиёжмандлар билан мулоқот қилиб, уларга ёрдам пуллари ажратган. Шахсан мен ҳам ўз ҳудудимдаги 44 нафар одамга маблағ ажратилишига эришганман”, дея Ортиқхўжаевнинг яхши ишларини санаб берди депутат.
Мухбирнинг камчиликлар, яъни собиқ шаҳар ҳокимининг хатолари ҳақидаги саволига эса “унинг хатолари ҳақида Президент билан ҳамфикрман”, деган жавоб берди.
“Ҳақиқатдан ҳам қурилишлар кўпайиб кетди. Эски инфратузилмани таъмирламай туриб, янги қурилишларга йўл қўйилаверди. Балки, Тошкент бош плани тезроқ амалга ошганида, бошқалар ҳам бунда фаолроқ бўлганида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан ҳайдалмасмиди?! У ҳам инсон, унинг ҳам камчиликлари бор. Бироқ ҳоким барибир стратег бўлиши керак. Шунинг учун у ишдан олинди”, дея таъкидлади депутат Расулов.
Ундай бўлса нега депутатлар вақтида уни огоҳлантирмади, нега вақтида тўхтатмади? Бу саволга эса Расулов қуйидагича жавоб берди:
“Биз депутатлар унга бу ҳақида гапирганмиз. Шундан кейин режалаштирилмаган қурилишлар сони кескин камайди. Масалан, 2021 йилда қурилишларга ер ажратиш бўйича келиб тушган 27 та таклифнинг фақат иккитасигагина рухсат берилди. Қолган 25 таси Кенгашнинг шу масалаларга жавобгар комиссияси томонидан рад этилган, лекин кеч бўлганди”.
Таҳририят айнан шу мавзуда Тошкент шаҳрининг бошқа депутатлари билан ҳам боғланишга уринди. Бироқ уларнинг аксарияти қўнғироқларга жавоб бермади. Жавоб берганлари ҳам турли сабабларга кўра фикр билдиролмаслигини айтди. Масалан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси аъзоси Азамат Зиё “орқадан гапириш одати йўқлиги ва бу мавзуда гапиришни хоҳламаслиги”ни айтиб, интервьюни рад этди.
Айрим депутатлар эса касаллиги ва яна айримлари банд эканини билдириб жавобдан қочди.
Лекин, айнан улар қачонлардир Ортиқхўжаевнинг қарорларини хоҳ тўғри бўлсин, хоҳ хато бир овоздан тасдиқлашда иштирок этишган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь