Депутатлар Ортиқхўжаевга миннатдорлик билдирди
Жамият
−
17 Январь 2023
47665Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши кеча, 16 январь куни лавозимидан озод этилган собиқ шаҳар ҳокими ва Кенгаш раисига миннатдорлик билдирди. Ортиқхўжаевнинг фаолияти давомида амалга оширган ишлари ҳақида илиқ фикрлар ёзилган мурожаат Кенгашнинг Telegram-каналида эълон қилинди ва кўп ўтмай ўчириб юборилди.
Депутатлар мурожаат аввалида Ортиқхўжаевга ўтган йиллар давомида уларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.
“Ҳурматли Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев, 2019−2023 йилларда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси сифатидаги фаолиятингиз давомида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларини қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур айтамиз”, дейди Кенгаш аъзолари.
Депутатларнинг қайд этишича, ўтган даврда Ортиқхўжаев томонидан билдирилган таклифлар асосида депутатлар аҳолининг эҳтиёжманд оилаларидан хабар олиши халқнинг депутатларга бўлган ишончини оширган.
“Сизга, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан Тошкент шаҳримиз равнақи йўлида қўшган ҳиссангиз ва машаққатли меҳнатингиз учун миннатдорлик билдирамиз”, дея қайд этилган мурожаатда.
Ушбу мурожаатга Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳокимлик даврида аҳоли билан мулоқоти туширилган тасвирлардан иборат видеоролик илова қилинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 январь куни Президент ҳузурида бўлиб ўтган энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилишда Шавкат Мирзиёев собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан олганини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Ортиқхўжаев огоҳлантиришларга қарамай қишга лозим даражада тайёргарлик кўрмаган.
Ортиқхўжаев ўрнига унинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди.