Депутат ўта ҳимояланган, прокуратура эса марҳуманинг номини булғаяпти – Қодированинг адвокати
Жамият
−
02 Октябрь 2019
1019623 яшар Нодира Қодированинг вафоти билан боғлиқ воқеалар янада чигал тус олмоқда. Аввалига у ўз жонига қасд қилгани иддао қилинди. Кейинроқ, у фоҳишаликда гумонланди. Айни вақтда жабланувчининг адвокати сифатида тайинланган Болалар ва аёллар уюшмаси раҳбари Мужде Тозбей Эрден бир неча гумонларини ОАВ билан бўлишди.
Унинг қайд этишича, Нодира Қодированинг ўлими жуда шубҳали ва бу воқеада “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати, нафақадаги генерал Ширин Унал ўта ҳимояланган. Адвокат прокуратура иш юзасидан тергов олиб бориш ўрнига, Нодиранинг фоҳишалик билан шуғуллангани ёки йўқлигини суриштириш билан банд бўлганини танқид қилди:
“Нодиранинг фоҳишалик билан шуғулланганми ёки йўқми, буни сўраб, суриштириш тергов жараёнида марҳуманинг номини булғаш учун қилинган ҳаракатдир. Бу тергов йўналишини ўзгартириш ва ўзини оқлаш учун имконият ҳозирлаш демакдир”.
Маълумотларга қараганда, марҳуманинг оиласи бир ҳафта давомида адвокатга мурожаат қилмаган, ҳатто, бундан қўрққани сабаб ҳимояланишни истамаган. Иш адвокат Тозбейнинг қўлига ўтгандан кейин, у воқеалар хронологиясини диққат билан ўрганиб чиққан.
“Нодиранинг ўз жонига қасд қилиши, бир кун аввал дугонасига жинсий зўравонликка учрагани ҳақида айтгани, Анқара прокуратурасининг икки кун ичида суд тиббий экспертизасини зудлик билан тайёрлаб, марҳуманинг жасадини Ўзбекистонга юбориши, узоқ вақт талаб этадиган бюрократик ишларнинг икки кунда ҳал этилиши, унинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида маълумотлар тарқатилиши Нодира Қодированинг вафоти шубҳали эканини тасдиқламоқда”, дейди адвокат.
Адвокат ўз мурожаатида прокуратурадан Нодирага оид ахборотларни текшириш, уни яқиндан таниган-билган, қолаверса, Ширин Уналнинг уйида ишлаган бошқа хизматчилар билан сўроқ ўтказишни талаб қилган.
“Агар Нодира фоҳишага бўлган тақдирда ҳам, бу бошқаларнинг муаммоси эмас. Фоҳишанинг ўлдирилиши ва жинсий зўравонликка учрашининг бир-бирига алоқаси йўқ. Қолаверса, Нодира Қодированинг дугонасига “энди акамнинг юзига қандай қарайман”, деб йиғлаши, жинсий зўравонлик ва жинсий муносабатларни авваллари бошидан кечирмаганини кўрсатадиган асосий далилдир. Нодиранинг номини булғашолмайди. Биз бунга йўл қўймаймиз”, дейди адвокат.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси депутати, нафақадаги генерал Ширин Уналнинг уйида оқсоч бўлиб ишлаётган 23 яшар ўзбекистонлик Нодира Қодирова генералнинг тўппончаси билан ўзини отиб қўйганди.
Ширин Уналнинг уйида икки ўзбек аёли оқсоч бўлиб ишлаган. Нодира асосан генаралнинг доимий эътиборга муҳтож рафиқасига ёрдамчи бўлган. Марҳуманинг жасади жорий йилнинг 25 сентябрь куни Ўзбекистонга олиб келинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь