Депардьедан “Фахрий легион” ордени тортиб олиниши мумкин
Олам
−
16 Декабрь 2023
7056Франциялик актёр Жерар Депардье аёлларга нисбатан ҳақоратомуз сўзлар ишлатгани учун Франциянинг энг олий мукофоти – “Фахрий легион” орденидан маҳрум қилиниши мумкин. Бу ҳақда Франция Маданият вазири Рима Абдул Малак маълум қилди.
Гап шундаки, Депардье 2018 йилдаги Шимолий Кореяга ташрифи чоғида аёллар ва вояга етмаган қизларга нисбатан ҳақоратомуз сўзлар ишлатган. Ушбу воқеа тасвирланган кадрлар маҳаллий телеканалларда намойиш этилган. Шундан сўнг, Франциянинг “France Télévisions” давлат телекомпанияси Депардье иштирокидаги барча фильмлар намойишини тўхтатганди.
Вазирнинг сўзларига кўра, актёрнинг ордендан маҳрум этиш масаласи Легион Кенгашида кўриб чиқилади ҳамда бу борада якуний қарор қабул қилинади.
Шунингдек, актёр ушбу шов-шувли сўзлари туфайли Канаданинг Квебек провинциясининг олий мукофоти – “Квебек” орденидан ҳам маҳрум этилганди.
Маълумот учун, Жерар Депардье 1996 йилда ушбу орден билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бутун дунёга “Обиликс” роли билан танилган актёр ва маҳоратли режиссёр Жерар Депардье актрисаларга нисбатан жинсий тажовузда айбланиб, тергов қилинганди.