“Қариб қуйилмаган” Депардьенинг суд ишига оид янги далиллар топилди
Маданият-санъат
−
12 Декабрь 2023
10464Бутун дунёга “Обиликс” роли билан танилган актёр ва маҳоратли режиссёр Жерар Депардье актрисаларга нисбатан жинсий тажовузда айбланиб, тергов қилинмоқда. Яқинда ушбу ишга оид янги видео далиллар тақдим этилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Гап шундаки, Депардьенинг Шимолий Корея ташкил топганининг 70 йиллиги чоғида мамлакатга ташрифи акс этган видеолар судга тақдим этилган. Улар Шимолий Кореяда номи ошкор этилмаган видео продюсерлик компанияси томонидан ёзиб олинган. Видеода режиссёрнинг беҳаё хатти-ҳаракатлари акс этган кадрлар ҳам бор. Жумладан, Депардье аёллар ва 10 ёшли қизча олдида беҳаё товушлар чиқаргани ва уятли мавзуларда гапираётганини кўриш мумкин. Бу видеолар аввал оммага намойиш этилмаган. Далилларнинг баъзи парчалари тезда ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалди.
Ҳужжатли фильмда, шунингдек, француз комедиячиси Хелен Дарра ҳам бор. У Депардьени 2008 йилда “Диско” фильмини суратга олиш вақтида унга тегажоғлик қилганликда айблаган. Париж прокуратурасининг маълум қилишича, Дарра сентябрь ойида режиссёрга нисбатан жинсий зўравонлик айблови билан шикоят қилган.
Депардье эса ўзига қўйилган барча айбловларни рад этмоқда.
“Умрим давомида мен провокацион, очиқкўнгил, баъзан қўпол бўлганман. Аммо ҳеч қачон ёмонликни ният қилмаганман. Ўзимни оломоннинг кўнглини олишга уринаётган боладек тутганим учун узр сўрайман. Лекин мен зўравон ҳам, йиртқич ҳам эмасман”, деган у октябрь ойида маҳаллий газеталардан бирида эълон қилган очиқ мактубида.
Маълумот учун, 74 ёшли Депардье Франциянинг энг таниқли юлдузларидан биридир. У актриса Шарлотта Арнольднинг айбловларидан сўнг, Париждаги уйида аёлга нисбатан жинсий зўравонлик қилганликда айбланиб, 2020 йил декабрда терговга тортилганди. Тергов ҳали ҳам давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида ҳам 13 нафар аёл Жерар Депардьени жинсий зўравонликда айблаб кўрсатма берган.