Суд 76 ёшли Депардьени жинсий зўравонликда айбдор деб топди

Маданият-санъат

image

Франциялик актёр Жерар Депардье 2021 йилда суратга олинган фильмда икки аёлга жинсий зўравонлик қилганликда айбдор деб топилди. Бугун, 13 май куни Париж суди уни 18 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд, шунингдек, Депардьени жинсий жиноят содир этган шахслар реестрига киритишни ва унга психологик даволанишни буюрди. Ҳукм 76 ёшли актёрнинг йўқлигида эълон қилинди.

Суд шу тариқа прокурорнинг март ойи охирида Депардьега 18 ой шартли қамоқ жазоси ва 20 минг евро жарима, шунингдек, жабрланувчиларга товон пули тўлашни сўраган талабини қаноатлантирди.

Бундан ташқари, суд уни икки йилга сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиши керак, дея талаб қилди айбловчи.

Ҳукм эълон қилингач, Депардьенинг адвокати ҳукм устидан шикоят қилиш нияти борлигини маълум қилди. Актёр ўзига қўйилган айбловларни рад этади.

Депардье устидан суд жараёни 24 март куни бошланган. Суд мажлисидан олдин актёрнинг адвокати Жереми Ассу барча айбловларни рад этиб, уларни ёлғон деб атади.

У, шунингдек, Депардье юракни айланиб ўтиш операциясини ўтказгани ва қандли диабетдан азият чекаётганини айтди. Суд томонидан тайинланган тиббий эксперт Депардьени судда иштирок этишга яроқли деб топди, бироқ суд мажлиси ҳар 15 дақиқада танаффус ва тушлик танаффуси билан олти соатдан ошмаслигини тавсия қилди.

Даъвога Депардьенинг 2021 йилда “Яшил панжурлар” фильми суратга олиш майдончасидаги хатти-ҳаракати сабаб бўлган. Фильмнинг 54 ёшли саҳна декоратори ва 34 ёшли режиссёр ёрдамчиси актёрни беҳаё сўзларни айтишда ва суратга олиш майдончасида ноўрин тегиниш – кўкрак, думба ва жинсий аъзоларга тегинишда айблади.

Улар 2024 йил бошида артистга нисбатан жинсий зўравонлик, зўравонлик ва сексистик ҳақоратлар учун судга мурожаат қилишган.

200 дан ортиқ фильмларда суратга тушган Жерар Депардье бир неча бор жинсий зўравонликда айбланган. 2023 йил апрель ойида 13 нафар аёл – актрисалар ва визажистлар актёрнинг номақбул хатти-ҳаракати ҳақида хабар беришган. Бироқ ҳозирда актёрга нисбатан биринчи иш судгача етиб борган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жерар Депардье

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг