Ўқитувчи ҳам одамми? Президент ҳокимларни қувган ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
06 Август 2023
33756Ҳафта бўйи Тошкентда эмасдим. Кетганимда ўқитувчиларнинг тили чиқиб қолибдими? Мактаб директори кимсан вилоят ҳокимига гап қайтаряпти, тортишяпти, ўзиникини маъқулллаяпти. Ким ўзи у? Вилоят ҳокими қаерда-ю мактаб директори қаерда?! Ҳа, эсларидан чиқиб қолдими пахта териб, супурги кўтариб, мактаб ҳудуди қолиб ўқувчиси яшайдиган уйнинг остонасини ҳам супуриб юргани?! Энди тиллари 15 қарич бўлиб қолибдими? Ортларида Президент турибди-да а? Енгил ҳаётга тез ўрганиб қолибдими бу ўқитувчилар? Ё яна далага қайтгиси келяпти? Бу гаплар меники эмас, аммо шўрлик ўқитувчиларни эза-эза бугун улар додини эшитган айримларнинг ичидан ўтгану тилига чиқмаган гаплар бўлса ажабмас. Эътиборингизга тугаётган ҳафта воқеалари таҳлилини тақдим этамиз.
Абдуқодир Мўминовга ҳукм ўқилди
4 август куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида журналист ва блогер Абдуқодир Мўминовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси Содиқов эълон қилган ҳукмга кўра, Абдуқодир Мўминов 3 нафар фуқаронинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан эгаллаш ҳолатлари бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари билан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилган ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1, 2-бандларига асосан тугатилган.
Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ва 57 (енгилроқ жазо тайинлаш) моддаларини қўллаган ҳолда Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содири этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.
Шунингдек, Мўминовдан жабрланувчилар фойдасига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш белгиланди.
Биринчи инстанция ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжуд.
Абдуқодир Мўминов иши бўйича суд мажлиси 25 июль куни бошланиб, ўтган 10 кун ичидаги жами 4 та суд мажлисидан сўнг ниҳоясига етди. 1 август куни бўлиб ўтган суд мажлисида прокурор унга 11 йил қамоқ жазоси сўраганди.
Яна бир блогер ҳибсга олинди
Блогер Олимжон Ҳайдаров Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олин. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида Қўқон шаҳар прокурорининг Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган 1989 йилда Россия Федерасиясида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, муқаддам судланмаган Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилган.
Суднинг ажрими билан Қўқон шаҳар прокурорининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабар қилишича, Ҳайдаров жорий йилнинг 12 июнь куни “Қўқон Истиқлол” савдо комплексида норасмий савдо фаолияти билан шуғулланган тадбиркорларнинг ишончига кириб, уларда норозилик кайфиятини уйғотиш орқали, савдо комплексларидаги реконструкция ишлари бўйича салбий мазмундаги мақолаларни ўзига тегишли ижтимоий тармоқ каналларига жойлаштирган.
Қўшимча равишда, блогер “Қўқон Истиқлол” савдо комплекси МЧЖ расмийларидан товламачилик йўли билан моддий маблағ ундиришга уриниб, ўзи томонидан тайёрланган “Қўқонда ҳуқуқий демократик бошқарувми ёки шаръий бошқарувми?” номли салбий мазмундаги мақолани интернет тармоқларида тарқатмаслик эвазига, 10 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан талаб қилиб, ундан умумий қийматда 7,5 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, қўшимча 2,5 минг АҚШ долларини олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.
Олимжон Ҳайдаровнинг ҳам ҳибсланиши мамлакат оммавий ахборот воситалари, блогерлар орасида хавотирларни кучайтирди. Ушбу ҳолат тугаётган ҳафтанинг асосий мавзусига айланди. Хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай ёзди:
“Мен Олимжон Ҳайдаров билан кўп бора мулоқотда бўлган инсон сифатида ундаги эътиқод ва инсоний принциплардан келиб чиқиб, унинг товламачилик қилишига ишонмайман. Билганим шу”.
Шунингдек, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров ҳам Ҳайдаровнинг ҳибсга олинишига жим қараб тургани йўқ.
“Олимжон Ҳайдаров. Товламачилик?! Умид қиламан-ки, бу англашилмовчилик. Мақсад кенгроқ. Тушунарли. Лекин бу методлар билан эмас”, деб ёзган у.
Абдуқодиров ўз изоҳида айнан қайси мақсад тушунарли эканини изоҳламаган.
"Azon.uz"фаолиятини тўхтатди
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган "Azon.uz" сайти 6 йиллик фаолиятидан сўнг ўз ишини тўхтатди. Бу ҳақда сайт таъсисчиси Мубашшир Аҳмад ижтимоий тармоқлар орқали хабар берди.
“Azon.uz" барча лойиҳаларини тўхтатади. Сабабларини кейинроқ, маъқул топилса маълум қилинади”, деб ёзган у.
Айни вақтда сайтга кириш чекланган. Унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси ҳам ўчириб юборилган.
Путиннинг душмани 2040 йилгача қамоқда сақланади
4 августда Россиянинг Владимир вилоятидаги 6-ахлоқ тузатиш колониясида Москва шаҳар судининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда Россия мухолифати етакчиси, журналист Алексей Навальний экстремистик жамият ташкил қилганликда айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Прокурор мухолифатчини қаттиқ режимдаги колонияда 20 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Навальнийга 7 та айблов қўйилган.
Натижада суд Навальнийни экстремизмни молиялаштириш (ЖКнинг 282.3-моддаси 2-қисми), экстремистик жамият яратиш (ЖКнинг 282.1-моддаси 3-қисми) ва экстремизмга даъват қилиш (ЖКнинг 280-моддаси 2-қисми) моддалари бўйича айбдор деб топган.
Аввалги ҳукмларни инобатга олган ҳолда, мухолифатчи 19 йилга махсус режимли колонияга ҳукм қилинган ва 500 минг рубл миқдорида жаримага тортилган. Бундан ташқари, у уч йилга озодликни чеклаш ва 10 йил давомида Интернетда ёзишни тақиқлаш белгиланган.
Навальний 2021 йилнинг январидан бери ҳибсда сақланмоқда. Шунинг учун суд томонидан тайинланган муддат 2040 йилгача тугаши керак.
Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний 2020 йилнинг 20 августида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланганидан сўнг, Германияда 4 ой даволаниб, 2021 йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва дарҳол ҳибсга олинди. Москванинг Симонов туманлараро суди 2 февралда Навальнийни “Ив Роше” иши бўйича айбдор деб топиб, 3,5 йилга қамашга қарор чиқарди. Москва шаҳар суди 20 февралда қарорни қонуний деб топди ва суд ҳукми кучга кирди.
У 2023 йилнинг ёзида озод этилиши керак эди, бироқ 2022 йилнинг март ойида у ўта катта миқдордаги фирибгарлик ва судга ҳурматсизлик моддалари бўйича 9 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинди.
Собиқ бош вазир қамалди
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари журналистлар ва блогерлар ҳибсланаётган бир вақтда Покистонда собиқ Бош вазир ва мухолифатдаги “Адолат ҳаракати” партияси раиси Имрон Хон суд қилинди ва 3 қилга қамалди.
Исломобод суди Хонни Тошахон давлат ғазнасида сақланаётган қимматбаҳо буюмларни сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ишида “коррупцион ҳаракатлар” қилганликда айбдор деб топган.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 10 май куни собиқ бош вазирга нисбатан Покистон Сайлов комиссияси жиноий иш қўзғатганидан сўнг айблов эълон қилинган.
5 август куни судья Ҳумоюн Дилавар биринчи инстанция судида бу иш бўйича собиқ бош вазирга қўйилган айблар ўз исботини топди, деган қарорга келган. Хон коррупцияда айбдор деб топилган. Шунингдек, суд уни 100 минг рупий (1200 доллар) миқдорида жарима тўлашга мажбур қилган.
Хон Лаҳор шаҳридаги қароргоҳида ҳибсга олинди.
Имрон Хон 2022 йил апрель ойида парламентдаги ишончсизлик вотуми натижасида ҳокимиятдан четлатилган. У ўзига қўйилган айбловлар амалдаги Бош вазирнинг уни обрўсизлантиришга қаратилган режасининг бир қисми эканини айтган. Шаҳбоз Шариф эса Хонни ҳибсга олиш суд қарори экани, бунда ҳеч қандай сиёсий таъсир йўқлигини билдирган.
Олий суддан ўлик чиқди
3 август куни Олий суднинг кутиш залида 66 ёшли фуқаро вафот этди. Қайд этилишича, 1957 йилда туғилган фуқаро Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида соат 09:15 даги суд мажлисига даъвогар сифатида келган.
Суд мажлиси ўз вақтида бошланган бўлиб, котиб тарафларни суд залига таклиф этиш учун кутиш хонасига чиққанида кутиб турган шахс бехуш ҳолда ётганини кўрган. Шу заҳоти барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб, тез тиббий ёрдам ходимларига хабар берилган.
Ҳодиса жойига зудлик билан етиб келган тиббиёт ходимлари 66 яшар фуқаронинг аллақачон вафот этиб бўлганини аниқлаган.
Бирламчи хулосага кўра фуқаронинг ўлимига ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган.
Мирзиёев нолойиқ ҳокимларни ишдан қувди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бундан аввалги ҳафтада Фарғона ва Қўқон шаҳарларида ўтказган йиғилишлари, унда ўнлаб раҳбарларни ишдан қувгани эйфориясидан чиқолмай юргандим ҳамки, давлат раҳбари Тошкент вилоятида ҳам жуда оғир йиғилиш ўтказиб, курсисига ёпишиб олган ва аллақачон нолойиқ бўлган айрим амалдорларга эшикни кўрсатди.
2 август куни ўтказилган йиғилишда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш масаласи муҳокама қилинди. Ишидаги қатор камчиликлар ортидан Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев, Қибрай тумани ҳокими Мираъзам Мирқосимов ва Янгийўл тумани ҳокими Улуғбек Ялгашев ҳамда ушбу туманларнинг бошқа сектор раҳбарлари, Ички ишлар бўлими бошлиғи, туман прокурори ва солиқ хизмати раҳбари лавозимидан озод этилди.
Вилоят ҳокимининг саноат ва инвестицияларга масъул ўринбосари Нажмиддинхўжа Шарипов, қурилишга масъул ўринбосари Шукурулла Маҳмудовга ҳайфсан берилди.
Давлат раҳбари йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала – тадбиркорликни ривожлантириш орқали солиқ базасини кенгайтиришга тўхталди.
Бугунги кунда солиқ тушумларининг 60 фоизини Йирик солиқ тўловчилар инспекцияси электрон тизим орқали жойига чиқмасдан ундираётгани, лекин вилоят ва туман солиқ ходимлари хотиржам бўлиб ўтиргани танқид қилинди.
Шу боис, Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот, Тахтакўпир, Андижоннинг Улуғнор, Бухоронинг Олот, Жиззахнинг Пахтакор, Наманганнинг Наманган, Мингбулоқ, Чуст, Қашқадарёнинг Косон, Муборак, Деҳқонобод, Китоб, Самарқанднинг Ургут, Каттақўрғон, Нуробод, Сурхондарёнинг Музработ, Хоразмнинг Хива, Хонқа туманлари ҳамда Бухоро, Когон, Самарқанд, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Нурафшон, Урганч шаҳарлари, жами 26 та солиқ идоралари раҳбарлари ишдан олинди.
Қолаверса, Президент, солиқ идоралари қўшимча манбалар топиш ўрнига эски замон касалига берилиб, туппа-тузук ишлаб турган тадбиркорнинг тайёр маблағлари ундиришга ўрганиб олганини айтди. Кейин Мирзиёев солиқ идоралари ходимлари ўртасида коррупциявий жиноятлар йилдан йилга кўпайиб бораётганини билишини ҳам яширмади.
Бош Прокуратура ҳузуридаги Департамент назоратни сусайтириб юборгани танқид қилиниб, унга солиқчилар томонидан ортиқча тўловлар ундириш, уларни вақтида қайтармаслик, текширишдаги сохтакорлик каби қонун бузилишларни олдини олиш бўйича амалий тизим яратиш топширилди.
Шунингдек, бюджет тушумларини таъминлаш ва тадбиркорлар фаолиятини текширишда йўл қўйган камчиликлари учун Андижон ва Сирдарё вилоятлари солиқ бошлиқлари ҳамда Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчисини лавозимидан озод қилиш, Иқтисодиёт ва молия вазирининг солиққа масъул ўринбосари Султонов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари Мирзаев, Абдиев, Эшматов, Маҳкамов, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғига ҳайфсан эълон қилинди.
Йиғилишда кўплаб шароитлар яратиб берилганига қарамасдан, Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли ва Шуманай туманларида камбағаллик даражаси юқорилигича қолаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли, Шуманай, Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди.
Йиғилишда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида муаммоли кредитлар улуши 19 фоиздан 16 фоизга пасайгани, 6,5 мингдан зиёд маҳаллада муаммоли қарздорлик қолмагани таъкидланди. Лекин, ҳалигача қарийб 3 триллион сўмлик кредитлар қайтмаган.
Банклар кесимида энг кўп муаммоли кредитлар Халқ банки, “Микрокредитбанк” ва “Агробанк” ҳиссасига тўғри келади. Айниқса, Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ишлар аҳволи қониқарсиз.
Бундан ташқари, ҳудудларда ўтказилган ўрганишларда 2,5 мингта ҳолатда 68 миллиард сўм кредитлар мақсадсиз сарфлангани аниқланган.
Шу муносабат билан Фарғона ва Сирдарё вилоятлари Марказий банк раҳбарларини, Халқ банкининг Наманган ва Сурхондарё, “Агробанк”нинг Андижон ва Фарғона ҳамда “Микрокредитбанк”нинг Тошкент вилоятлари раҳбарларини лавозимидан озод этиш, муддати ўтган қарздорлик юқори 15 та туман ва шаҳар банклари раҳбарларини тўлиқ янгилаш масаласини кўриб чиқиш белгиланди.
Маъмурий ислоҳотлардан ортга қайтиш. 2-қадам
Тугаётган ҳафтада солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таркибидан юлиб олиниб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ташкилотга айлантирилди ва унга раис қилиб вазир Шерзод Қудбиев тайинланди. Қўйнидан тўкилса қўнжига деганларидек, Қудбиевдан бўш қолган ўринни Жамшид Қўчқоров эгаллади. Энди у ҳам Бош вазир ўринбосари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири лавозимида фаолият юритади.
Бу 2022 йил охирида бетакрору бебаҳо деб таърифланган маъмурий ислоҳотлардан ортга қайтишнинг иккинчи намунаси. Бундан олдинги ҳафтада Маданият ва туризм вазирлиги негизида Маданият вазирлиги ташкил этилиб, Туризм Назарбековдан тортиб олиниб, Азиз Абдуҳакимов бошқарувидаги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига тортиқ қилинган эди. Кўрамиз, ҳали олдинда бизни яна нималар кутаяпти экан?!
Боболов яна ҳокимликка қайтарилди
Йиқилган курашга тўймас дейдилар. Бу нақлни ўтган йилнинг декабрида катта шов-шувлар билан лавозимидан озод этилган Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими Тўра Боболовга нисбатан ишлатиш мумкин. Нега дейсизми? Чунки 53 яшар Боболов жорий ҳафта яна ҳокимлик курсисига қайтди. Фақат туман ҳокимлигига. А нима қилибди, муҳими ҳокимлик-ку?! Кейин раҳбари ҳам бегона эмас, ўзи билан деярли тенгдош ва бир вақтлардаги мавқедоши Зойир Мирзаев.
Тўра Боболов энди Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманини бошқаради.
Ёдингизда бўлса керак, ўтган йили жаноб Боболовнинг Ангор тумани прокурорига қўпол муомала қилгани, уни ҳақоратлагани ва ишига ноқонуний аралашгани акс этган аудио тарқалганди. Лекин Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ушбу “запис”ни монтаж деб кўзни шамғалат қилишга уринди. Сентябрь ойида эса Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов томонидан ўтказилган йиғилишда ушбу овоз Боболовга тегишли экани, ҳатто бу экспертиза билан исботлангани айтилди. Ўшанда Боболов жарима билан қутилди. Лекин орадан кўп ўтмай, лавозими билан хайрлашди.
Ҳозир эса Сурхондарёни Боболовдан кейин бошқариб келаётиган Улуғбек Қосимов трендда. У ўқитувчини қандай ишдан олгани, қандай қамагани, ўқитувчининг нима деганию ўзини қандай ҳимоя қилгани аллақачон илмий ишлар мавзусига ҳам айланиб бўлди. Бунга бироздан кейин қайтамиз.
Ички ишлар ходимлари ҳам қамалди
Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йилнинг июнь ойида содир этилган оммавий тартибсизликларни бартараф этишда ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этган Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаган ходимлар жиноий жавобгарликка тортилди.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 4 августдаги ҳукми билан 27яшар ва 38 ёшли Ички ишлар ходимлари Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, 44 ёшли Ички ишлар ходими Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми ва 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукмидан норози томонлар қонунчиликда белгиланган тартибда Бухоро вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.
*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*
3 август куни ижтимоий тармоқда тарқалган видео, ундаги Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактабининг собиқ директори бўлган аёлнинг овози бутун мамлакатни тебратди, десак муболаға бўлмайди. Сурхондарё Афғонистонга яқин ҳудуд: у гоҳ ракета келиб тушгани билан эътибор марказида бўлса, гоҳ сўконғич ҳокими билан тилга тушади. Бу сафар эса у ҳуқуқий билимга эга бўлган, собиқ прокурор ҳокими ва мактаб директори ўртасида тортишув, оқибатда директорнинг гап қайтаргани учун қамалиши билан трендда турибди.
Тошкент шаҳрининг собиқ прокурори ҳозирги Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов йиғилишда мактаб директорини ўрнидан турғазиб, уни “мактабдаги муҳитни бузганлик”да, “вилоятни бутун дунёга шарманда қилганлик”да айблаган ва ишдан бўшатилганини айтган. Аёл эса ҳаққини талаб қилган.
Мажлиснинг ўзида ички ишлар ходимлари аёлни залдан чиқаришга уринди ва бунинг уддасидан ҳам чиқди. Бу ҳам бўлса бошқарув тизимидаги асосий муаммо. Ҳоким ҳақми, ноҳақми Ички ишлар ва прокуратура унга бўйсунади, унинг тарафини олади. Ўз ҳаққини ҳимоя қилган одамга эса шунчаки жиноятчидек муомала қилинади, холос.
Бу ўринда биз ўқитувчи аёлнинг ёнини олишни истамаймиз, бунга баҳони одамларнинг ўзи ва қонун берсин. Бироқ муаммо ўз ҳаққини талаб қилиб, шунчаки фикр билдираётган ва сўз эркинлиги ҳуқуқидан бошқаларнинг ҳуқуқини поймол қилмаган ҳолда фойдаланаётган одамнинг не кўйга тушиши, туширилиши ҳақида кетмоқда.
Селектордаги жанжал шу билан тугамади. Жаноб ҳоким директорни ишдан олди ва аёл ҳибсга олинди. Шунингдек, унинг мактабга директорлик қилган даврини қайта текширувдан ўтказиш бошлангани ҳам айтилди.
Ҳолатга муносабат билдирган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова собиқ директорнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.
“Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-м
актаб директори билан боғлиқ вазиятни шахсан ўз назоратимга олдим. Мактаб директори айни дамда маъмурий қамоқ жазосидан озод этилди”, деган вазир.
Шунингдек, у таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс ўз муомала маданияти билан барчага ўрнак бўлиши лозимлигини ҳам эслатиб ўтган.
4 август куни вазир Умарова собиқ директор билан телефон орқали мулоқот қилгани акс этган видео тарқалди. Унда Умарованинг аёлдан ҳол-аҳвол сўраган. Хуллас, бу масалада айтаман, десанг гап кўп. Энг яхшиси QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида тайёрланган алоҳида кўрсатувни томоша қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь