Гвардиола ишончига кирган Ҳусанов

Таҳлил

Абдуқодир йўқ, байрам йўқ. “Манчестер Сити” Ҳусанов майдонга тушмган икки ўйинда мағлубиятга учради, энди эса ўзбекистонлик футболчининг бўлажак баҳсларда иштирок этиш эҳтимоли ошди. Ортда қолаётган ҳафтада ўзбекистонлик икки вундеркинд, Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров Германияда ўтган нуфузли турнирда муносиб иштирок этди, бир неча йиллардан буён Америка Қўшма Штатлари терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган ўзбекистонлик шахматчи қиз эса ниҳоят ватанига қайтди.

Ассалому алайкум. Ўзбекистонда оммавий спортни янги даражага олиб чиқиш бўйича тегишли вазифалар белгиланган ҳафта спортига оид муҳим мавзулар билан QALAMPIR.UZ’да Спорт дайжести.

ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов ЎФА президенти бўлиши мумкин

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) президенти лавозимига Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Низомович Қурбонов номзоди илгари сурилди. Бу ҳақда бугун, 12 февраль куни ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон футбол ассоциацияси уставига мувофиқ, жорий йил 22 февраль куни ЎФА президентлигига сайлов бўлиб ўтади. Жорий йилнинг 20 январь куни ЎФА томонидан ўз аъзоларига ушбу лавозимга номзодлар бўйича ўз таклифларини юборишларини сўраб мурожаат қилинган. ЎФА расмий электрон почтасига келиб тушган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар ЎФА Сайлов қўмитаси томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси устави ва Сайлов кодексига мувофиқ текширилиб, ЎФА уставининг 30-моддасига асосан, Конгрессдан 30 кун олдин ЎФА Котибиятига тақдим этилган.

ЎФА уставининг 33-моддасига кўра, ЎФА аъзолари навбатдан ташқари сайлов Конгрессининг ўтказилиш жойи ва кун тартиби тўғрисида Конгресс ўтказилишидан камида 10 кун олдин хабардор қилиниши лозим. Шу муносабат билан, Конгресснинг ўтказилиш жойи ва кун тартиби 2025 йил 12 февраль куни барча аъзоларга етказилиши белгиланган.

Шунингдек, ЎФА Сайлов кодексининг 11-моддасида номзодларнинг расмий рўйхати тўғрисидаги маълумотлар матбуотда ҳам эълон қилиниши зарурлиги келтирилган бўлиб, ЎФА аъзолари томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти лавозимига Баҳодир Низомович Қурбонов номзоди илгари сурилган.

Президент ҳокимларни танқид қилди

Ўзбекистонда спорт соҳасида мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани бўйича ҳокимларнинг ҳам бу борадаги масъулияти умуман сезилмаётгани қайд этилди. Бу ҳақда 13 февраль куни Президент раислигида ўтказилаётган 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни кучайтириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселекторда маълум қилинди.

Ҳокимлар спорт федерацияларининг ҳудудий бўлимлари раҳбарларини танимаслиги, спортчи ва тренерларни қабул қилмаслиги, спортчилар халқаро мусобақада натижа қилганидан кейингина бундан хабар топиши кўрсатиб ўтилди.

Масалан, ўтган йили олимпия спорт турлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида спортчилар 58 та медаль қўлга киритди. Лекин Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё спортчилари бу чемпионатларда бирорта ҳам медаль олмаган.

Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қўлга киритилган лицензиялар Навоий ва Қорақалпоғистонда энг кам.

Шу боис ёндашувларни ҳозирдан ўзгартириб, ёшларни спортга, айниқса, олимпия спорт турларига тайёрлаш, уларни селекция қилиш, иқтидорли спортчи ва мураббийларни рағбатлантириш бўйича мутлақо янги тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Спортда адолат ўрнатиш, спортчи ва мураббийларга манфаат олиб келиш ва соҳани рақамлаштириш мутасаддилар, спорт федерациялари раҳбарлари ва ҳокимлар фаолиятини баҳолашда бош мезон бўлиши белгилаб олинди.

Ўзбекистон IX қишки Осиё ўйинларидаги илк медалини қўлга киритди

Ўзбекистон делегацияси 26 йиллик танаффусдан кейин қишки Осиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда Спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фигурали учиш бўйича терма жамоамиз аъзолари Дмитрий Чигирей ҳамда Екатерина Гейниш жуфтлиги 176.43 балл жамғариб, мусобақада энг яхши натижага эришди.

Кун дастурида фигурали учиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Нигинабону Жамолиддинова ҳамда Севинч Раҳимова қишки Осиё ўйинларида дебют қилди. Қисқа дастурдаги ижроси билан Жамолиддинова 27.88, Раҳимова эса 18.09 балл жамғарди. Энди улар эртага эркин дастурдаги чиқишларини намойиш этади.

Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси Осиё чемпиони бўлди

Футбол бўйича Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси Бангладешда ўтган Осиё чемпионати ғолибига айланди.

Бугун, 12 февраль куни финал баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси Индонезияни йирик 6:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медалларга эга чиқди. Ушбу жамоалар гуруҳ босқичида ҳам тўқнаш келган ва ўшанда Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси 8:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон терма жамоаси финалга қадар Индонезияни 8:1, Непални 13:0, мезбон Бангладешни 3:0, Ироқни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, етиб келди. Шунингдек, Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси 5 карра Жаҳон чемпиони ҳисобланади.

Ҳусанов Англия кубоги рамзий жамоасига киритилди

Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов Англия кубоги 1/16 финали расмзий терма жамоага киритилди. Бу ҳақда “Sofascore” хабар берди.

Нашр томонидан тузилган рамзий жамоага кўра, ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов 7.8 балга лойиқ кўрилди. Ушбу жамоадан Морган Рожерс, Деян Кулусевски, Жо Уиллок каби АПЛнинг таниқли футболчилари ўрин олди. Энг юқори бални “Ипсвич” футболчиси Жо Кларк олди. У 9.8 балга лойиқ кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, 8 февраль куни бўлиб ўтган Англия кубоги 1/16 финал босқичидан ўрин олган “Лейтон” - “Манчестер Сити” ўртасидаги ўйиннинг 56-дақиқасида захирадан баҳсга қўшилган Абдуқодир Ҳусанов гол уриб, ҳисобни тенглаштирганди.

Маълумот ўрнида, Ҳусанов ҳозирга қадар “Манчестер Сити” таркибида 2 та ўйин ўтказди ва 1 та гол урди. Футболчининг клуб билан шартномаси 2029 йилга қадар амал қилади.

Нуфузли турнирда Синдоров 60 минг, Абдусатторов 40 минг доллар пул ютди 

Германиянинг Вайссенхаус шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича нуфузли“Freestyle Chess Grand Slam” турнири ниҳоясига етди.

Соврин жамғармаси 750 минг АҚШ долларни ташкил қилувчи турнирда икки ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров иштирок этиб, ғолиблик учун кураш олиб борди, бироқ турнир якунига кўра Синдоров 4-ўрин, Абдусатторов эса 6-ўрин билан кифояланди.

Мусобақани юқори нотада бошлаб, ҳатто норвегиялик шахмат афсонаси Магнус Карлсенни таслим этган Жавоҳир Синдоров ярим финалда америкалик Фабиану Каруана билан тўқнаш келди. Томонлар ўртасидаги 1-партияда Синдоров, иккинчи партияда эса Каруананинг қўли баланд келди.

Тай-брекда ҳам томонлар муроса йўлини танлагач,  Армагедон баҳсида Каруана ғалаба қозонди ва финалга йўл олди.

3-ўрин учун баҳсда Синдоров яна Магнус Карлсен билан тўқнаш келди ва бу сафар норвегиялик шахматчи Синдоровга имконият бермади. Шундай қилиб, Карлсен  3-ўринни қўлга киритиб, 100 минг АҚШ доллар пул мукофотига эга чиққан бўлса, Синдоров 60 минг АҚШ доллар пул ютуғига эга бўлди.

Чорак финалдаёқ кучли тўртликка кира олмаслиги аниқ бўлган Абдусатторов эса 5-ўрин учун кураш олиб борди. Нодирбек дастлаб франциялик Алиреизо Фирузжани мағлубиятга учратиб, 5-ўрин учун курашиш имкониятига эга бўлди. 5-ўрин учун кечган баҳсда эса ўзбекистонлик шахматчи ҳар икки партияда АҚШ вакили Ҳикару Накамурага имкониятни бой берди ва турнирни 6-ўринда якунлаб, 40 минг АҚШ доллари пул мукофотини қўлга киритди.

Мезбон шахматчи Винцент Кеймер эса турнир ғолиби бўлди. Кеймер финалда Фабиано Каруанани мағлубиятга учратди ва 200 минг АҚШ долларини ўзиники қилиб олди.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон шахмат федерациясига қайтди

Кўп йиллардан буён Америка Қўшма Штатлари терма жамоаси сафида шахмат ўйнаб келаётган ўзбекистонлик гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова яна Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Бу ҳақда “UzChess” лойиҳаси матбуот хизмати хабар берди.

“Халқаро спорт устаси Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШ федерациясидан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди. 2016 йилда аёл гроссмейстер, 2024 йилда халқаро спорт устаси унвонларига эришган спортчимизнинг қарори Ўзбекистон шахматини жаҳон миқёсида янада кучайтириш учун хизмат қилади”, дейилади манба хабарида.

Маълумот учун, Тоҳиржонова 2021 йилдан буён АҚШ терма жамоаси сафида дона суриб келаётганди. У 2023 йилда Американинг энг яхши аёл шахматчиси соврини билан тақдирланган.

Қайд этиш жоиз, Тоҳиржонова ўз вақтида Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбарияти билан низолар сабаб Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигидан кетган. У 2022 йил декабрь ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган шахматнинг рапид ва блиц йўналишларида ўтказилган Жаҳон чемпионатида Гулруҳбегим АҚШ байроғи остида ўз опаси Нафиса Мўминовага қарши дона суриб, ғалаба қозонган


Мақола муаллифи

Теглар

Спорт дайжести

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг