Бунга ҳеч ким кафолат бермайди – масъул қарз маблағини “растрата”дан ҳимоялаш ҳақида
Жамият
−
24 Ноябрь 2021
6643Давлат қарзининг коррупция ва давлат идораларидаги уруғ-аймоғчилик сабаб “растрата” бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Аммон унга қарши курашиш мумкин. Бу ҳақда бугун, 23 ноябрь куни “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва молиявий ресурсларни сафарбар қилишнинг янги воситалари” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда Молия вазирлиги Давлат қарзи департаменти директори Жасур Қаршибоев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
“Давлатлар қарзининг коррупция ва давлат идораларидаги уруғ-аймоғчилик сабаб “растрата” бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Молия ёки бошқа тизимларда фаолият олиб бораётганлар халқнинг вакили, кимнингдир опаси, кимнингдир акаси ёки ота-онаси. Уларнинг ҳаммасини бирданига булғаш нотўғридир. Қарзни камайтириш учун ечим битта – шаффофликни ошириш, муҳокамаларни кўпайтириш. Шундагина коррупцияга нуқта қўйса бўлади. Коррупция барча давлатларда бўлган ва бор. Унинг ҳажмларини камайтириш учун шаффофликни таъминлашимиз керак. Шу сабабли ҳам айнан қарз масаласида Молия вазирлиги шаффофликни таъминлашга ҳаракат қиляпти”, дейди Давлат қарзи департаменти директори.
Жасур Қаршибоевнинг таъкидлашича, Давлатнинг қарз олиши бу иллат эмас. Давлатнинг харажатларини молиялаштириш учун имкониятлари чекланган, эҳтиёж эса катта. Чекка ҳудуддаги мактабларни қайта таъмирлаш, етарли шароит яратиш, қишлоқларда аҳоли ичимлик суви ичиши учун бу маблағлар керак бўлади.
“Давлат қарзи бўйича шаффофлик таъминланяпти деб ўйлайман. Ҳар чоракда қаерга қанча маблағ сарфлангани очиқланади. Назорат механизми кучли қилинган. Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи ва тўғридан-тўғри ҳукумат номидан жалб қилинган ҳамда кафолатланган қарзи, ярим йиллик ҳисобида, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,5 фоиз миқдорида акс эттирилган”, дея таъкидлади Жасур Қаршибоев.
Шунингдек, Давлат қарзи департаменти директорининг таъкидлашича, 2020 йилдан буён бюджетга ҳар йили қанча маблағ жалб қилиш мумкинлиги тўғрисида чекловлар белгиланган. Бу ҳақда депутатларга тўлиқ маълумотлар берилади.
“Молия вазирлиги таклифлар ишлаб чиқаётганда, албатта, давлат қарзи эътиборга олинади. Қарз юки келажак авлодга тушмаслигини ўйлаб ишлаб чиқилади. Давлат қарзини бошқаришда диверсификацияга яъни валюта хатарларини пасайтиришга урғу берилади”, дея таъкидлади у.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат қарзи 24,2 млрд долларни ташкил этмоқда. Шундан умумий ташқи қарзи қолдиғи – 21,8 млрд доллар, ички қарзи қолдиғи эса 2,4 млрд долларга тенг.
LiveБарчаси