Ўзбекистоннинг давлат қарзи кўпайди
Жамият
−
07 Сентябрь 2021
15493Ўзбекистон Республикасининг умумий давлат қарзи жорий йилнинг бошига нисбатан 3,7 фоизга яъни 858,6 млн долларга ошган ҳолда 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 24,2 млрд долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида келтирилган.
Мамлакатнинг умумий ташқи қарзи қолдиғи – 21,8 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 34,7 фоизни, ички қарзи қолдиғи эса 2,4 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 3,8 фоизни ташкил этди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат қарзи қолдиғи 858,6 млн долларга ошиши Ўзбекистон номидан ва давлат кафолати остида инвестиция лойиҳаларини ҳамда давлат бюджети дефицитини молиялаштириш учун ташқи ва ички манбалардан жалб қилинган қарз маблағларининг ўзлаштирилиши, қарз мажбуриятлари бўйича асосий қарзнинг сўндирилиши ҳамда давлат қарзи портфели таркибидаги валюта курсларидаги ўзгаришлар билан изоҳланган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 363,4 млн долларга, давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 319,1 млн долларга, давлат томонидан кафолатланган ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи эса 250,8 млн долларга ошган.
Шунингдек, Ўзбекистон номидан 2 240,9 млрд сўмлик давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиниши ҳамда 3 020,0 млрд сўм миқдоридаги ДҚҚ сўндирилиши натижасида ДҚҚ бўйича қарздорлик қолдиғи 779,1 млрд сўмга камайди.
Давлат ташқи қарзи портфели таркибида 11,7 фоизни ташкил қилувчи валюта – Япония иенаси эса жорий йилнинг январь-июнь ойларида AҚШ долларига нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланди.
LiveБарчаси