Даромад солиғидан озод қилинадиган контракт пуллари бўйича ёш чеклови бекор қилинди
Жамият
−
29 Декабрь 2023
9248Эндиликда Ўзбекистонда ота-оналарнинг ҳар қандай ёшдаги фарзандларининг прoфессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиши учун тўлаган пуллари даромад солиғидан озод қилинади. Мазкур тартиб кеча, 28 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган тегишли қонун билан белгиланди.
Қайд этиш жоизки, илгари фақат 26 ёшгача бўлган фарзандлар учун тўланган пуллардан даромад солиғи олинмаган. Эндиликда эса ҳар қандай ёшдаги фарзандининг контракти учун тўланган пуллар даромад солиғидан озод қилинди.
Шунингдек, қуйидагиларга қўлланиладиган солиқ имтиёзлари 2028 йил 31 декабргача узайтирилди:
- Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;
- Ўзбекистоннинг норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялари бўйича дивидендлар тарзидаги даромадларига фойда солиғи бўйича 5 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади;
- Ўзбекистоннинг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ҳамда фойда солиғидан озод этилади.
Ушбу Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Бундан ташқари, қонун билан Солиқ кодексига солиқ ҳисоботларини 3 йил бут сақлашга оид ўзгартириш киритилди. илгари солиқ ҳисоботларини 5 йил бут сақлаш керак эди.
Шу билан бирга, камерал солиқ текширувида қуйидаги солиқ назорати тадбирларини ўтказиш тақиқланди:
- солиқ тўловчи ҳудудига кириш;
- солиқ тўловчи ҳудуди ва биноларини кўздан кечириш;
- солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш;
- солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш.
Бироқ қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш (қайтариш) мақсадида ўтказиладиган камерал солиқ текшируви бундан мустасно.
Қонунга киритилган янги ўзгартиришларга кўра, эндиликда солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун 3 йил ичида жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши керак, 3 йилдан кейин шахс ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас (илгари 5 йил эди).
Шунингдек, Божхона кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, тўланиши божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган божхона йиғимларини божхона ҳудудида тўлаш белгиланди.
Билдирилишича, ушбу қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.