Дариға Назарбоева истеъфога чиқиши керак – депутат
Олам
−
10 Февраль 2022
6396Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг қизи, мамлакат парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) депутати Дариға Назарбоева январь воқеаларидан кейин истеъфога чиқиши керак. Бу ҳақда унинг ҳамкасби, ҳукмрон “Нур Отан” партияси депутати Айдос Сарим таъкидлади.
“Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, шахс, фуқаро сифатида Дариға Назарбоева истеъфога чиқиши керак, деб ҳисоблайман”, деган Сарим журналистларга.
Ундан Назарбоева нега бундай қилиши кераклиги сўралганда, у Қозоғистондаги январь воқеалари “унинг фамилияси билан боғлиқ”, деб жавоб берган.
“Январь фожиасига олиб келган вазият ва айтайлик, Қозоғистонда шаклланган авторитар тизим, бошқа нарсалар қатори, унинг номи билан бевосита боғлиқ. Жамоатчиликда эса катта ишончсизлик ва норозилик мавжуд. Бунга жавоб бериш керак. Бутун дунёда бунга сиёсий жиҳатдан истеъфолар орқали эришилди. Бу оддий жаҳон амалиёти”, деб тушунтирган у.
Маълумот ўрнида, парламент депутати Дариға Назарбоева икки ойдирки, палата мажлисларига келмаяпти. Унинг ёрдамчиси айни вақтда Дариға Назарбоева маошсиз таътилда эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил йилнинг 2 май куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Сенат Раиси Дариға Назарбоеванинг ваколатини тугатиш тўғрисида фармонни имзолаганди. Шунингдек, унинг хизматлари учун миннатдорлик билдирган.
Дариға Назарбоева 2019 йилда отаси президентликдан истеъфога чиққач, Сенат раиси этиб сайланган эди. Ундан аввалги Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат Президенти бўлганди.
LiveБарчаси