Дарахтга шикаст етказган экскаватор ҳайдовчиси 28 млн сўм жаримага тортилди
3-саҳифа
−
16 Июль
3715Тошкент шаҳрининг Миробод туманида дарахтга шикаст етказган экскаватор ҳайдовчисига 28 миллион сўм жарима белгиланди. Бу ҳақда Миробод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда куни кеча Миробод туманида собиқ “Бухоро” кафеси ҳудудида дарахтларга шикаст етказилаётгани ҳақида мурожаат эълон қилинган. Ушбу ҳолат юзасидан Миробод тумани экология бўлими томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилган.
Маълум қилинишича, Авлиё-ота кўчаси 124-уй олдида қурилиш ишлари давомида ҳудуддаги тупроқларни олиб чиқиш вақтида экскаватор ҳайдовчиси Б.Б.нинг эҳтиётсизлиги оқибатида 1 туп заранг дарахтига шикаст етказилган. Шикастланган дарахт авария ҳолатига келиб қолган ва ҳайдовчи дарахтни қўпорган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқбузар Б.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан 28 390 000 сўм жарима қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқанд шаҳрида қурилиш ишларини олиб бораётган МЧЖ масъуллари томонидан ҳудуддаги 4 туп қимматбаҳо ва 1 туп кам қимматли турдаги дарахт илдиз қисми билан қазиб ташлаб, йўқ қилинганди.
Чарос Ўралова