Дания захирадаги аскарларни зудлик билан ҳарбий хизматга чақирди
Олам
−
01 Октябрь 2025 4531 2 дақиқа
Дания Қуролли кучлари захирадаги аскарларни зудлик билан ҳарбий хизматга чақиришни бошлади. Бу ҳақда TV2 хабар берди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 28 сентябрь куни юзлаб захирадаги ҳарбий хизматчи армияга чақирилган ва улар тез орада мамлакат мудофаасига етиб келиши кутилмоқда.
Мамлакатнинг хавфсизлик сиёсати бўйича маслаҳатчиси ва Дания Қуролли кучлари вакили Жейкоб Карсбонинг сўзларига кўра, чақирувлар шу ҳафта охирида мамлакат пойтахти Копенгагенда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи саммитига тайёргарлик билан боғлиқ бўлиши мумкин.
“Мамлакатимиз атрофида Россия кемалари сузиб юрибди. Бу бутунлай фавқулодда вазиятда эканлигимиздан далолат беради. Шунинг учун биз фавқулодда чораларни кўряпмиз. Нима бўлишидан қатъи назар, бу ҳафта содир бўладиган барча воқеалар биз учун муҳим. Ишончим комилки, барча хавфсизлик чоралари кўрилади”, дейди Жейкоб Карсбо.
Дания захирадаги ходимлар ташкилоти раиси Йеспер Шнайдер сўнгги фавқулодда чақирув қачон бўлганини айтмаган. Бироқ, унинг тушунтиришича, захирадаги ходимлар мунтазам равишда ҳам ўқув, ҳам тезкор вазифалар учун чақирилади. Раиснинг сўзларига кўра, қўшимча кучларни чақириш одатий ҳол эмас.
Қайд этиш жоиз, ҳозирда Дания мудофаасидаги захирадаги аскарларнинг аниқ сони ҳақида расмий маълумотлар йўқ, аммо 2013 йилда Дания захирадаги аскарлар сонини 3000 нафар деб ҳисоблаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дания фуқароси бўлган аёлларни ҳарбий рўйхатга олиш ва зарурат туғилганда уларнинг муддатли ҳарбий хизмат ўташи тартиби кучга кирган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси