Дания Европада энг юқори пенсия ёшини жорий қилмоқда

Олам

image

Дания парламенти мамлакатда пенсия ёшини 70 ёшга ошириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 22 май куни бўлиб ўтган овоз беришда 81 депутат қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган, 21 нафари эса унга қарши чиққан.

Янги қонун 1970 йил 31 декабрдан кейин туғилган фуқароларга нисбатан қўлланилади. Ҳозирги кунда Данияда пенсияга чиқиш ёши ўртача 67 ёшни ташкил этади. Аммо 1967 йил 1 январда ёки ундан кейин туғилганлар учун бу кўрсаткич 69 ёшгача оширилган.

Бандлик вазири Ане Хальсбоэ-Йёргенсен бу ўзгаришлар “келажак авлодларга муносиб фаровонликни таъминлаш учун зарур” эканини таъкидлаган.

Расмий статистикага кўра, Данияда 6 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Улардан 713 минг нафари 60–69 ёш оралиғида, яна 580 минг нафари 70–79 ёшда.

Дания суғурта ва пенсия фондлари ассоциациясига кўра, сўнгги йилларда давлатда пенсия ёшига етган ва ундан кейин ҳам ишлашда давом этаётган фуқаролар сони сезиларли даражада ошган.

ОАВга кўра, ҳозирда Данияда пенсия ёшидан катта бўлган 80 мингга яқин киши фаол меҳнат қилмоқда. Бунга яхши иқтисодий шароитлар, иш берувчиларнинг мослашувчанлиги, молиявий рағбатлар ва меҳнат қилиш истаги сабаб бўлмоқда.

“2040 йилгача пенсия ёшининг 70 ёшга кўтарилиши кўпчилик учун қўрқинчли туюлиши мумкин, лекин статистик маълумотлар одамлар тобора узоқроқ ишлаётганини кўрсатмоқда. Яхши томони шуки – кўплаб данияликлар нафақат соғлом, балки ишлашни хоҳлайди”, деган мамлакат расмийларидан бири.

Маълумот учун, Дания 60 ёшдан юқори миллий пенсия ёшини белгилаган илк Европа давлати бўлган. Бу кўрсаткич бўйича у Ливия билан бир даражада, дунёдаги энг юқори пенсия ёшига эга мамлакатлар қаторига киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида 60 мингга яқин одам Вазирлар Маҳкамасининг пенсия ёшини ошириш ва ҳарбий хизматга тааллуқли бўлган мажбурий иш стажини 11 йилга узайтириш режаларига қарши норозилик намойиши ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Дания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг