Дэна Уайт тезроқ жанг ўтказишимни хоҳлаяпти – Нурсултон Рўзибоев
Спорт
−
08 Июль 2023
10771UFC президенти Дэна Уайт ташкилотнинг ўзбекистонлик жангчиси Нурсултон Рўзибоев тез фурсатда кейинги жангини ўтказишини истамоқда. Бу ҳақда спортчининг ўзи QALAMPIR.UZ билан бўлган суҳбатда маълум қилди.
Унга кўра, ташкилот президенти Рўзибоевнинг менежерларига мурожаат қилиб, унга кейинги жангини яқин кунларда бериш истагида эканлигини билдирган.
“UFC'нинг яқинда бўладиган турнирида жанг қилишим керак эди, буни Дана Уайтнинг ўзи менежерларимдан сўраган. Бироқ ҳозир жароҳатларим борлиги учун бу таклифни қабул қила олмадим. Тикланишим учун вақт керак. Ташкилот мен қачон сўрасам, ўша вақтда жанг беришга тайёр”, дейди Нурсултон Рўзибоев.
Асосан ярим ўрта вазн тоифасида ўз жангларини олиб борадиган спортчи UFC билан дастлабки шартномасини 4 та жанг учун имзолаган. Шартномага кўра, асосан бир хил вазнда жанглар берилиши керак, аммо ташкилот Рўзибоевга икки вазн тоифасида жанг қилиш имконини берган.
“Жангим раҳбариятга маъқул келган, улар менга иккита вазнда ҳам жанг қилаверишим мумкинлигини айтишди. Худо хоҳласа, кейинги жангларимда ҳам шундай чиройли ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан”, дейди UFC жангчиси.
Шунингдек, Нурсултон жангдан олдин қулоғини синдириб олгани унинг октагондаги ҳаракатларига қанчалик таъсир кўрсатгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
“Бу каби ҳолатлар кўп учрайди, менимча жароҳат жанг натижасига таъсир ўтказмаслиги керак. Кўп спортчилар ютқазиб қўйса, жароҳатим сабаб бўлди дейди. Ютган тақдирда, жароҳатим бўлса ҳам ғалаба қозондим, деб катта кетади”, дейди у.
Рўзибоевнинг UFC Vegas 76 турниридаги ёрқин ғалабасига энг енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Алжамейн Стерлинг ҳам ижобий баҳо берди.
“Бу йигит навбатдаги шов-шувли жангчига ўхшаяпти”, дейди Стерлинг.
Чемпионнинг бу сўзларига Ўзбекистон вакили қуйидагича жавоб қайтарди.
“Мен 30 йилдан бери шу ишни қилиш ниятидаман. Шовқинми? Мен уларга керак бўлган ҳаммасини қиламан. Буни аллақачон Тwitter'да бошлаб юбордим”, дейди Нурсултон.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурсултон Рўзибоев Америка сафарини якунлаб, Ўзбекистонга қайтиб келган эди. У Тошкент Халқаро аэропортида ОАВ ва жамоатчилик томонидан тантанали кутиб олинди.