Расман: Нурсултон Рўзибоев UFC жангчиси бўлди
Спорт
−
21 Июнь 2023
11345Ўзбекистонлик таниқли ММА жангчиси Нурсултон Рўзибоев UFC билан шартнома имзолади. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий Тwitter саҳифасида хабар берилди.
Бугун, 21 июнь куни промоушеннинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида “Fighter added(Жангчи қўшилди): Nursulton Ruziboev”, деган сўзлар ёзилган пост жойланди. Шунингдек, спортчининг менежери Али Абдель-Азиз ҳам буни тасдиқлади.
“Тасдиқланди. Сенинг вақтинг келди укам”, дейди Абдель-Азиз.
Дастлабки маълумотларга кўра, ўрта вазн (83,9 кг) тоифасида жанг олиб борувчи ўзбекистонлик спортчининг UFC'даги дебюти 1 июль куни UFC Fight Night турнири доирасида бўлиб ўтади. Рақиб номи ҳали эълон қилинмаган.
Маълумот учун, Нурсултон 2014 йилдан буён ўрта вазнда ММА'да жанг ўтказиб келади. У профессионал фаолияти давомида 43 марта октагонга кўтарилиб, 35 та жангда ғалаба қозонган, 8 та баҳсда эса рақибларига имкониятни бой берган.
Муҳсинжон Умурзоқов