Дамашқдаги кафеда портлаш юз берди. Қурбонлар бор
Олам
−
18:44 659 2 дақиқа
Кеча, 2 июль куни Сурия пойтахти Дамашқдаги кафеда портлаш юз берди. Оқибатда 9 киши ҳалок бўлди, 20 нафар одам жароҳат олган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа Дамашқ марказида, Адлия саройи яқинидаги кафеда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш кафе ичига жойлаштирилган қўлбола портловчи қурилма сабаб юз берган.
Ички ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, портловчи қурилма тахминан 1 килограмм оғирликда бўлиб, металл бўлаклар билан тўлдирилган. Бу эса портлаш оқибатида оғир жароҳатлар ва жиддий вайронагарчиликка олиб келган.
“Мазкур портлаш 2024 йил охирида собиқ президент Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилгач мамлакат бошқарувини қўлга олган президент Аҳмад аш-Шара ҳукумати учун навбатдаги жиддий хавфсизлик синови бўлди. Асад режимининг қулаши 14 йилдан ортиқ давом этган фуқаролар урушининг амалда якунланишига олиб келганди”, дейилади хабарда.
Шундан буён Дамашқда бир қатор хавфсизлик билан боғлиқ ҳодисалар қайд этилган. Жумладан, май ойида Мудофаа вазирлиги биноси яқинида содир этилган автомобиль портлаши оқибатида бир нафар суриялик ҳарбий ҳалок бўлган, камида 18 киши эса жароҳат олган.
Расмийларга кўра, ҳужум учун ҳозирча ҳеч бир гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Шунга қарамай, мутахассислар ИШИД террорчилик гуруҳи мамлакатдаги беқарор вазият ва хавфсизликдаги бўшлиқлардан фойдаланиб, яширин ҳужайраларини қайта фаоллаштиришга уринаётганини таъкидламоқда. Гуруҳ жорий йил бошида Шара ҳукуматига қарши ҳужумларнинг янги босқичини бошлаганини ҳам эълон қилган эди.
Гарчи бу гуруҳ 2019 йилда ўз назоратидаги ҳудудларни йўқотиб, сезиларли даражада заифлашган бўлса-да, у ҳали ҳам Сурияда қонли ҳужумларни амалга ошириш имкониятига эга экани қайд этилмоқда. Шу боис Сурия, Ироқ ва Ғарб расмийлари уни мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган асосий кучлардан бири сифатида баҳоламоқда.
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари портлаш юзасидан терговни давом эттирмоқда. Ҳужум ортида ким тургани ва унинг аниқ сабаблари ҳозирча расман маълум қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг Идлиб шаҳри яқинидаги Ал-Фуа шаҳарчасида номаълум қуролли шахслар томонидан ўз машинаси ичида тўғридан тўғри ўққа тутилиши оқибатида ўзбек жангариларидан бири ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Мумтозбегим Абдумўминова
Live
Барчаси