Даҳшат кинога кўчганда ёхуд Иккинчи жаҳон уруши ҳақида ТОП фильмлар

Маданият-санъат

image

9 май – Хотира ва қадрлаш куни. Бу кунда Иккинчи жаҳон урушида ва фронт ортида тинчлик учун курашиб, ҳалок бўлган жасур ва матонатли аждодларимиз хотираси ёдга олинади. Орамизда бўлган уруш фахрийлари, иштирокчилари ва меҳнат фронтида жасорат кўрсатган нуронийлар қаҳрамонлигига ҳурмат бажо келтирилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинади. 

Урушда ғалабага эришилганига 77 йил тўлди. У инсоният тарихидаги энг қонли, энг даҳшатли уруш сифатида тарихда қолди. Бугунги авлодлар у ҳақидаги ҳикоялар, тарихий манбаларни ўқиш, фильмларни кўриш орқали урушнинг миқёси ва даҳшатини ҳис қилиш имкониятига эга. Бугун эса уруш даврлари тасвирланган фильмларни томоша қилиш ва даҳшатни оз бўлса-да ҳис қилиш имкони мавжуд. Шу боис қуйида ўзбекистонлик киноижодкорлар томонидан Иккинчи жаҳон уруши йиллари акс этган фильмлар ТОП-10 рўйхатини туздик. Қуйида ушбу фильмлар ҳақида маълумотлар тақдим этамиз. 

Ватан совғаси (1943)

Иккинчи жаҳон урушида жанг қилаётган ўзбек аскарларига ўзбек санъати усталарининг мусиқали кинофильм шаклидаги туҳфаси. Режиссёрлар Комил Ёрматов ва Зоҳид Собитов томонидан айни Иккинчи жаҳон уруши йилларида суратга олинган. Ушбу мусиқали фильмда ўзбек санъатининг афсонавий ижодкорлари Лутфихон Саримсоқова, Халима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Шукур Бурхонов, Наби Раҳимов ва Жўрахон Султоновлар суратга тушишган.

Сен етим эмассан (1962)

Фильм ҳаётий воқеаларга асосланган бўлиб, тошкентлик темирчи Шомаҳмуд Шоаҳмедов ва турмуш ўртоғи Бахри Акромоваларнинг Иккинчи жаҳон уруши пайтларида СССРнинг турли ҳудудларидан Ўзбекистонга келтирилган турли миллатга мансуб 14 нафар болани боқиб олганликлари ҳақида ҳикоя қилади. Фильм экран юзини 1962 йилда кўрган бўлиб, у режиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган. Бош ролларни Обид Жалилов ва Лутфихон Саримсоқова ижро этган. 

26-отилмасин (1966) 

Эдуард Арбенов ва Лев Николаевнинг “Феникс” романи асосида режиссёр Равил Ботиров томонидан 1966 йилда “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган ва 1967 йил 2 июнда премьераси бўлиб ўтган кинофильмда немис армияси таркибидаги совет жосуси ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм томошабинлар орасида яхшигина оммалашган ва кинотеатрларга 30 миллиондан ортиқ томошабин айнан ушбу кинони томоша қилиш учун келган. 

"Генерал Раҳимов" (1967)

Илк ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг иккинчи жаҳон уруши вақтида жанг майдонларида кўрсатган жасорати ҳақида ҳикоя қилувчи фильм сценарийси генералнинг ҳарбий таржимаи ҳолидан олинган фактлар ва реал воқеаларга асосланган. Зоҳид Собитов режиссёрлигида суратга олинган картинада Собир Раҳимов образини Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов гавдалантирган.

41-йил олмаси (1969)

Режиссёр Равил Ботиров томонидан 1969 йилда суратга олинган фильм. Фильм 1941 йилнинг қишида, фашистлар Москвага яқинлашганида, Ўзбекистон колхозчилари томонидан фронтга жўнатилган олма ва ана шу эшелонни қўриқлаб борган чойхоначи ҳақида ҳикоя қилади. Бош ролларни Наби Раҳимов, Усмон Салимов ва Солижон Аҳмедов ижро этган.

Муҳаббат можароси (1971)

Режиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган ушбу кинофильм ниҳоятда оғир сюжетларга асосланган бўлиб, унда ўғлидан келган қора хат сабаб келинини кенжа ўғлига  олиб берган ота эпизоди билан бошланади. Аммо бош қаҳрамон Маҳкам урушда ҳалок бўлмаган, балки асир тушган эди. Маҳкам ролини Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов ижро этган. 

Ватан (2006)

2006 йилда режиссёр Зулфиқор Мусоқов томонидан ишланган кинофильм. Каритина Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбекистондан кетиб қолган ўзбекистонликлар ҳаётидан ҳикоя қилади. АҚШда яшаб келаётган Қурбон исмли кекса одамга Ватан соғинчи тинчлик бермайди ва у узоқ йиллардан сўнг Ўзбекистонга қайтади. Бош ролларни Абдуманнон Убайдуллаев, Обид Юнусов, Музаффар Саъдуллаев, Раъно Шодиева ва Бобур Йўлдошев ижро этган. 

Берлин — Оққўрғон (2018)

Зулфиқор Мусоқов томонидан Иккинчи жаҳон урушига бағишлаб суратга олинган яна бир ижодий наъмуна. Фильм воқеалари урушдан олдинги ва бизнинг давримиздаги бир-бирига бевосита боғлиқ бўлмаган бир қанча сюжетлар линиясидан ташкил топган. Бош ролларни Ҳасан Шуҳратов, Райҳон Асадова, Маҳлиё Асқаралиева, Раъно Шодиева, Сейдула Молдаханов ва Нигора Каримбоева ижро этган. 

101 аскар (2020)

Фильмда 101 нафар ўзбек аскарларининг Амерсфоортдаги концлагерда маҳбус қаторида бошдан кечирган даҳшатли азоб-уқубатлари, матонат ва миллий маданиятимизга бўлган садоқати ҳақида сўз боради. 

Илҳақ (2020)

Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган "Илҳақ" фильми реал воқеа ва ҳодисаларга асосланган бўлиб, Иккинчи жаҳон урушида беш нафар ўғлидан айрилган Тошкент вилояти Зангиота тумани Хонобод қишлоғидан бўлган Зулфия Зокированинг оиласи ҳақида ҳикоя қилинган. Фильмда бош ролни Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова ижро этган. Илҳақ кино картинаси Беларусда бўлиб ўтган "Листапад" халқаро кинофестивалида "Гранд-при"ни қўлга киритган. 

Улуғбек Худойберганов (Улуғбек Тошкандий) тайёрлади
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

уруш кино

Баҳолаганлар

238

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг