“COVID-19 дан ҳам баттарроқ вирус бор...” (фотогалерея)

Олам

image

Афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими муносабати билан намойишлар дунёнинг турли мамлакатларида давом этмоқда. Европа ва Американинг ўнлаб шаҳарларида минглаб одамлар кўчага чиқди.

Буюк Британияда намойишлар Лондон, Манчестер, Кардифф ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтди. Лондонда намойишчилар тиз чўкиб, бақиришди: "Адолат йўқ, тинчлик йўқ!".

Ҳукуматнинг коронавирус билан касалланиш эҳтимоли туфайли одамлар йиғилмасин, деган кўрсатмаларига қарамай, намойишлар давом этмоқда.

Кеча, 6 июнь куни деярли барча намойишлар тинч ўтди. Аммо кечқурун Даунинг-Стритдаги Бош вазирнинг қароргоҳи олдида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. Сўнгги маълумотларга кўра, норозилик намойишлари пайтида камида 23 полиция ходими жароҳатланган.

Лондондаги кўплаб намойишчилар ниқоб ва қўлқоп кийиб чиқишди. Баъзилар "COVID-19 дан ҳам баттарроқ вирус бор ва у ирқчилик деб аталади", деган ёзувларни кўтариб олишди.

Шимолий Ирландия полицияси кўплаб одамларни жаримага тортди, чунки одамларнинг тўпланиши мамлакатда ҳали ҳам тақиқланган.

6 июнь куни эрталаб минглаб австралиялик "Қора ҳаёт муҳим" шиори остида намойишга чиқди. Флойд билан юз берган фожиали воқеадан ташқари, иштирокчилар австралиялик аборигенлар жамиятидаги тенгсиз мавқе ва полициянинг уларга муносабати ҳақида гапириб беришди.

Намойишчилар қўлларига "Мен нафас ололмаяпман!" (Жорж Флойднинг сўнгги сўзларига ишора) сўзлари туширилган плакатлардан ташқари, "Ер бошқача, воқеа бир хил!", деган плакатларни ҳам кўтариб олишди.

Вашингтонда минглаб одамлар ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши норозилик намойиши билан яна кўчаларга чиқди. Намойишлар Капитолий водийси ва Оқ уй яқинида бўлиб ўтди. АҚШда норозилик намойишлари 12 кундан бери давом этмоқда.

Канаданинг Торонто шаҳрида 6 июнь куни бир неча минг киши кўчаларга чиқди. Маҳаллий полициянинг таъкидлашича, барча намойишлар тинч ўтди. Митинг иштирокчилари "Адолат йўқ, тинчлик йўқ" ва "Ҳа, бу ерда ҳам" ёзувли плакатлар билан акцияда иштирок этди.

Францияда 20 мингдан ортиқ намойишчи ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши акцияда иштирок этди. Лилл шаҳри полицияси 6 июнь куни намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди.

Германия пойтахти Берлинда ирқчиликка қарши митингда 15 мингга яқин одам қатнашди.

Афинадаги АҚШ элчихонаси яқинида афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлдирилишига қарши полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Тартибсизлик бир гуруҳ ёшлар полициячиларга тош ва молотов коктейли улоқтирганидан сўнг бошланди. Полиция бунга жавобан шовқинли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ билан жавоб қайтарди.

Ирқчиликка қарши намойишлар Мексика пойтахти Мехико шаҳрида ҳам бўлиб ўтди. АҚШ элчихонаси яқинида тартибсизликлар вужудга келди. Одамлар карантин қоидаларига амал қилмаган ҳолда, кўчаларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқишни бошлади. Полиция намойишчиларни тарқатишга қилган ҳаракати самара бермади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 май куни Миннеаполис полицияси афроамерикалик Жорж Флойдни ҳибсга олди. Қўлга олиш пайтида полициячи эркакнинг бўйнини тиззаси билан босиб туради. Флойд “мен бўғиляпман”, деб бир неча марта айтган. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бунга эътибор бермаган. Оқибатда, эркак реанимацияда вафот этган. Бу АҚШда оммавий норозилик ва тартибсизликларни келтириб чиқарди.


Мақола муаллифи

Теглар

ирқчилик

Баҳолаганлар

465

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг