“Чироқчи воқеаси”: прокурор айбланувчиларни 10 йилга қамашни сўради
Жамият
−
18 Сентябрь 2020
12515“Чироқчи воқеаси” айбдорлари иши кўриб чиқилаётган судда давлат қораловчиси сифатида иштирок этаётган Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Шаҳбоз Абдиев судланувчиларга сўраётган муддатини маълум қилиб, гаров эвазига очиқда қолган судланувчиларни суд залидан қамоққа олишни сўради. Бу ҳақда “Дарё” маълум қилди.
Таъкидланишича, суд музокарасида сўз олган прокурор Шаҳбоз Абдиев Чироқчи туман ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган судланувчи Нурбек Овлаев ҳамда Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган Анвар Жонқобиловлар 3 йил муддатга ИИБ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилиниши лозимлигини билдирган.
Прокурор шунингдек, марҳум Юсуф Абдураҳмонов истиқомат қилган ва мол ўғрилиги бўйича шикоятлар кўпайган Лангар қишлоғининг собиқ профилактика инспектори Шерзод Раҳмонов ҳам 3 йил муддатга ИИБ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йил муддатга умумий тартибли колонияларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташи лозимлигини маълум қилган.
Шаҳбоз Абдиев 2020 йил 21—22 январь кунлари ИИБ биносида ўғриликда гумонланган марҳум Юсуф Абдураҳмонов билан шерикликда айбланиб, қийноққа солинган ота-бола Қурбон Остоноев ҳамда Баҳром Авлиёқуловларни ИИБ биносига олиб борган профилактика инспектори Адҳам Тожиноровнинг ҳам ИИБда ишлаш ҳуқуқи 3 йилга чекланиши ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинишини сўраган.
Давлат қораловчиси Лангар қишлоғидаги мол ўғрилиги бўйича Президент порталига қилинган мурожаатни ўрганиш мақсадида ушбу қишлоққа бориб, мурожаатчи номидан тилхат ёзган ва мурожаатни сохта ҳужжатлар билан ёпишга уринган Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган Бобурмирзо Ғайратов ҳам 2 йил 6 ой муддатга ИИБ тизимида ишлашдан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиниши лозимлигини таъкидлаган.
Прокурорнинг қўшимча қилишича, судланувчилар — Нурбек Овлаев, Анвар Жонқобилов, Шерзод Раҳмонов ҳамда Адҳам Тожиноровлар ҳисобидан марҳумнинг қонуний вакили Гўзал Абдиева фойдасига 52 миллион 750 минг сўм моддий ва маънавий зарар ундирилиши лозим.
Аввалроқ, суд музокарасида сўз олган марҳумнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни суд залидан озод қилишни сўраганди.
Воқеалар ривожи қандай?
Жорий йилнинг 23 январь куни соат 01:50 да Чироқчи туманнинг Лангар қишлоғида содир этилган чорва моллари ўғриликларини фош этиш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ўғирликда гумон қилиниб Чироқчи тумани ИИО ФМБ биносига олиб келинган Ю.А вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 2 нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаркатлари олиб борилди.
Мазкур иш бўйича бошланган тергов жорий йилнинг 22 июнь куни ниҳоясига етган.
Очилган жиноят иши доирасида 5 кишига айблов эълон қилинган. Жумладан Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБ бошлиғи ЖКнинг 241, 206, 104, 234, 235-модалари билан айб эълон қилинган. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБ жиноят қидирув гуруҳининг тезкор вакилига ҳам ЖКнинг 241, 206, 104, 234, 235-модалари билан айб эълон қилинган ва қамоққа олинган.
Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБнинг икки нафар профилактика инспектори ва жиноят қидирув гуруҳининг тезкор вакилига ҳам юқоридаги моддалар билан айб эълон қилиниб, уларга гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ушбу иш доирасида беш киши суд қилиняпти. Булар:
Н.Овлаев (1989 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, икки нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган),
А. Жанқабилов (1985 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган),
Ш. Рахмонов (1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, уч нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган),
А. Тожиноров (1994 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган),
Б. Ғайратов (1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган).
Судланувчилар:
Н. Овлаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш), 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайри инсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) ва 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) да;
А. Жанқабилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси ва 235-моддасида;
Ш. Рахмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси, 235-моддаси ва 241-1-моддасида;
А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси ва 235-моддасида;
Б. Ғайратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 241-1-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.