Чекка ҳудудга кўчадиганларга пул берилади
Олам
−
12:38 992 2 дақиқа
2027 йил 1 январдан бошлаб Қозоғистонда ишчи кучи етишмайдиган ҳудудларга фуқароларнинг ўз ихтиёри билан кўчиб ўтиши бўйича янги қоидалар кучга киради. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.
Хабарга кўра, давлат томонидан кўчиб ўтиш учун тўловлар, уй-жой ижараси компенсацияси ва уни сотиб олишда ёрдам беришни назарда тутилмоқда. Дастур ишчи кучи ортиқча бўлган ҳудудлардан мутахассислар етишмайдиган вилоятларга ўз ихтиёри билан кўчиб ўтишга мўлжалланган.
Фуқаролар кўчиб кетадиган (ишчи кучи ортиқча бўлган) ҳудудлар қаторига Олмаота, Жамбил, Манғистау ва Туркистон вилоятлари, шунингдек, Остона, Олмаота ва Чимкент шаҳарлари киради. Дастурда ишсизлар, талаб юқори бўлган касб эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этиши мумкин.
Ҳудудлараро кўчиб ўтишнинг асосий шарти – янги жойда ишга жойлашиш ёки тадбиркорликни ривожлантириш. Шу билан бирга, давлат қўллаб-қувватлови фақат тасдиқланган рўйхатга киритилган аҳоли пунктларига кўчиб ўтилгандагина тақдим этилади.
Янги қоидаларга кўра, кўчиб ўтиш учун бир марталик субсидия оиланинг ҳар бир аъзоси учун, шу жумладан, аризачининг ўзи учун ҳам 70 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи миқдорини (тахминан 8 млн сўм) ташкил этади.
Бироқ пуллар кўчиб ўтилгандан сўнг дарҳол тўланмайди. Субсидияни олиш учун аризачи ёки унинг оиласидаги меҳнатга лаёқатли аъзо янги жойда кетма-кет камида уч ой ишлаши керак. Шу билан бирга, ходим учун мажбурий ижтимоий тўловларни ўтказиб борилиши шарт.
Дастур иштирокчилари учун, шунингдек, уй-жой ижараси ва коммунал хизматлар харажатлари учун ҳар ойлик компенсация назарда тутилган. Ёрдам миқдори оиланинг қаерга – шаҳарга ёки қишлоқ жойга кўчиб ўтганига, шунингдек, оила аъзолари сонига боғлиқ бўлади.
Компенсацияни шахсий уй-жой сотиб олингунга қадар, лекин 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда тўлаш режалаштирилмоқда. Уни тайинлаш учун аризачи ёки унинг оиласидаги меҳнатга лаёқатли аъзо янги жойда мажбурий ижтимоий тўловлар билан кетма-кет камида олти ой ишлаши лозим.
Қўллаб-қувватлашнинг яна бир чораси – иқтисодий ҳаракатчанлик сертификатидир. Маблағларни кўчиб ўтилган ҳудудда уй-жой сотиб олишга ёки ипотека бўйича бошланғич бадал сифатида йўналтириш мумкин.
Бироқ сертификатни фақат мажбурий ижтимоий тўловлар билан кетма-кет камида 12 ой давомида янги жойда меҳнат фаолияти тасдиқланганидан кейин олиш мумкин.
Янги қоидаларда, агар кўчиб ўтган шахс ўз хоҳиши билан ҳукумат томонидан белгиланган кўчиб ўтиш ҳудудини беш йил ичида тарк этса, олинган давлат ёрдамини қайтариб бериш назарда тутилган.
Live
Барчаси