Чегара муаммосини ҳал қилмаган Раҳмон халқини қирғизлар билан бағрикенг бўлишга чақирди
Олам
−
18 Апрель 2022
6169Тожикистон ва Қирғизистон чегара муаммоларини фақат музокаралар йўли билан ҳал қилиши мумкин. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Қирғизистон билан чегарадош Исфара шаҳри раҳбарияти ва фаоллари билан учрашуви чоғида сўз очди. Учрашув кеча, 17 апрель куни давлат раҳбарининг Сўғд вилоятига амалий ташрифи доирасида бўлиб ўтган.
Президент Тожикистон ҳукумати Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича музокараларни имкон қадар тезроқ ўтказишдан манфаатдор эканини қайт этди.
"Аммо, таъкидлайманки, чегара-ҳудудий масалаларни ҳал этиш, давлат чегарасини мувофиқлаштириш ва демаркация қилиш жуда мураккаб жараён бўлиб, мутахассисларнинг кўп вақт ва саъй-ҳаракатларини талаб қилади. Тожикистон ҳар икки томоннинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мавжуд муаммоларга ўзаро манфаатли ечим топиш бўйича музокараларнинг қатъий тарафдори ҳисобланади”, дейди 28 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Раҳмон.
У исфараликларни яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамжиҳатликка, бағрикенг бўлишга, ҳис-туйғуларга берилмасликка чақирди.
“Қайта айтаманки, давлатлар ўртасидаги чегара масалалари фақат музокаралар йўли билан ҳал қилинади, бошқа йўл йўқ”, дейди Тожикистон раҳбари.
Шунингдек, у исфараликлар учун тожик-қирғиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш асосий масалалардан бири эканини эслатди. Давлат раҳбари Тожикистон томони Қирғизистон билан 2002 йилдан буён икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия доирасида музокаралар олиб бораётганини айтди.
“Ҳозирги кунга қадар Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссия делегациялари ва ишчи гуруҳлари ўртасида 170 дан ортиқ учрашув ва музокаралар ўтказилди”, дейди у..
Тожикистон Президенти 14 апрель куни амалий ташриф билан республиканинг Сўғд вилоятига келди, бир қанча шаҳар ва вилоятларда бўлди, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга объектларнинг очилиш маросимида иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 апрель куни тожик-қирғиз чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида навбатдаги отишма содир бўлди. Унда 27 ёшли тожик чегарачиси Зоир Саидумаров ҳалок бўлди.
Тўқнашув чегарадош вилоятлар вакилларининг учрашувидан сўнг тўхтатилди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 14 апрель куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров халққа мурожаат қилиб, ўз президентлик муддатининг охирига қадар чегара билан боғлиқ барма муаммоларни ҳал этишга ваъда берди.
Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият
Қирғиз-тожик чегарасидаги навбатдаги кескинлашув январь ойининг охиридан бери давом этмоқда: ўшанда чегарачилар ўртасидаги отишмада тожикистонлик икки ҳарбий ҳалок бўлган, олти нафар ҳарбий яраланган, Қирғизистонда эса саккиз нафар ҳарбий яраланган.
Шундан сўнг Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари чегарада ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ҳамда аввалроқ можаро жойига жалб қилинган қўшимча куч ва воситаларни олиб чиқишга келишиб олди. Шунга қарамай, чегарада вақти-вақти билан отишмалар давом этмоқда.
Сўнгги йилларда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ келишмовчиликлар бир неча бор содир бўлган. Охирги марта йирик тўқнашувлар ўтган йилнинг апрель ойи охирида юз берганди. Можарога сабаб баҳсли ҳудуд – “Головной” сув тақсимлаш пункти ёнига камералар ўрнатилгани бўлган. Натижада ҳар икки давлат ҳарбийлари аралашган.
Қирғизистоннинг 180 дан ортиқ фуқароси тўқнашувлар давомида жабр кўрган, деб хабар қилди республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 34 киши вафот этган. Тожикистон можаро қурбонлари ҳақида расмий маълумот бермади.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 км. Чегаранинг 460 километри бўйича келишувлар мавжуд эмас, шунинг учун ҳар иккала давлат ҳам у ёки бу участкага ўз даъволарини эълон қилганда, вақти-вақти билан низолар келиб чиқади.
LiveБарчаси