Каримов қурилишига қарши бўлган ГЭСнинг ярмидан кўпи қуриб битказилди
Олам
−
30 Декабрь 2024
46287Бир пайтлар қурилишига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қарши чиққан Роғун ГЭСи қурилиши 50 фоиздан ортиқ бажарилди. Бу ҳақда Тожикистон Президент Имомали Раҳмон жорий йилнинг 28 декабрь куни парламентга йўллаган мурожаатида маълум қилди.
Сўнгги икки йилда ушбу стратегик муҳим лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан 9 миллиард сомоний (825 миллион доллар)дан ортиқ маблағ ажратилган. Президент халқаро молия ташкилотлари ва ривожланиш бўйича бошқа ҳамкорларга Роғун ГЭСи қурилишини якунлашда кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирган. Унинг таъкидлашича, ушбу муҳим объект қурилишини якунлаш учун олтита донор билан умумий қиймати 10 миллиард сомоний (915 миллион долларга яқин) бўлган тўққизта шартнома тузилган бўлиб, шундан 3 миллиарддан ортиғи (275 миллион доллар) ёрдам кўрсатиш шаклида тақдим этилган.
Имомали Раҳмон бу қўллаб-қувватлаш ва эътиборни “Тожикистон халқи учун жуда муҳим” деб атаган. Қурилишнинг кейинги босқичини молиялаштириш 2025 йилга мўлжалланган. Айнан Роғун ГЭСи қурилишининг тугалланиши Тожикистоннинг 2027 йилгача энергетика мустақиллигини таъминлайди.
“Эҳтимол, бу сизлар шундай қийин вазиятни бошдан кечираётган охирги қишдир. Келгуси қишда бу қийинчиликлар камаяди ва 2027 йилда бу ҳолат тарихда қолади”, деган Имомали Раҳмон.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар Роғун ГЭС қурилишини молиялаштириш фақат давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилган. Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСи лойиҳасини амалга ошириш учун 5 миллиард сомоний (тахминан 460 миллион доллар) ажратишни кутмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида ГЭС қурилишига 4,3 миллиард сомоний (395 миллион долларга яқин) маблағ ажратилган. Мазкур иншоот қурилишига жами 40 миллиард сомонийдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Ҳозирда кам қувватда ишлаётган станциянинг дастлабки икки блоки 2018 ва 2019 йилларда фойдаланишга топширилган. Умуман олганда, станциянинг турбинали хонасига ҳар бири 600 МВт қувватга эга 6 та блок ўрнатилади. Охирги блокнинг ишга туширилиши 2029 йилда кутилмоқда. Ўрнатилган қуввати 3600 МВт бўлган Роғун ГЭСи Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэлектрстанцияга айланиши кутилмоқда. Тўлиқ фойдаланишга топширилгандан сўнг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш 13 дан 17 миллиард кВт/соатгача бўлади, бу мамлакатда ишлаб чиқарилган йиллик электр энергиясининг 65-85 фоизига тенг.
Яна 6,4 миллиард доллар керак
Standard & Poor's Global Ratings халқаро рейтинг агентлигига кўра, Роғун ГЭСи лойиҳасини 2035 йилгача тўлиқ якунлаш учун 6,4 миллиард доллар керак бўлади.
Рейтинг мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари томонидан агентликка тақдим этилган расмий маълумотлар асосида тайёрланган. Ҳужжатда қайд этилишича, Тожикистон ҳукумати кўп томонлама ва икки томонлама кредиторлар консорциуми билан унга ушбу харажатларнинг қарийб 50 фоизини қоплайдиган молиялаштириш пакетини тақдим этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, молиялаштиришнинг яна ярми давлат бюджети ва молиялаштириш ҳисобидан амалга оширилиши кутилмоқда.
“Дастлабки ташқи молиялаштириш пакетига 1,73 миллиард доллар ярим имтиёзли кредитлар, 850 миллион доллар грантлар ва 390 миллион доллар имтиёзли кредитлар киради”, дея таъкидлайди S&P таҳлилчилари.
S&P мутахассисларининг таъкидлашича, Роғун ГЭСи аллақачон умумий қувватнинг тахминан 10-15 фоизи миқдорида электр энергияси ишлаб чиқаради. Улар 2024-2035 йилларда электр энергиясидан олинадиган даромад 1,1 миллиард долларни ташкил этишини кутмоқда.
Роғун ГЭСи нархи қандай ўзгарди
2008 йилда Роғун ГЭСи лойиҳаси қайта тикланганида унинг қиймати 3 миллиард долларга баҳоланган эди. 2016 йилда тўғон қурилиши бўйича бош пудратчи танлаш бўйича ўтказилган халқаро тендер чоғида объект қиймати 3,9 миллиард доллар деб эълон қилинган эди. 2022 йилда Тожикистон Энергетика вазирлиги Роғун ГЭСини тугатиш учун 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ талаб қилинишини эълон қилди.
2023 йил февраль ойи бошида вазирлик сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, станцияни қуриш учун 6,2 миллиард доллар керак бўлишини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, Роғун ГЭСининг тўғонини қуриш 1976 йилда бошланган, аммо Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин тўхтатилган. 1991 йилдан кейин Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам Роғун ГЭС қурилишига қарши чиққан. У сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда дунёдаги энг баланд тўғон пайдо бўлишидан хавотир билдирган.
Ўттиз йил давомида эса тўғонда фақат дастлабки қурилиш ишлари олиб борилган. Унинг мунозарали ҳолати ҳамда Жаҳон банки ҳисоботлари кечиккани сабабли қурилиш 2012 йил август ойида тўхтатилган. Лойиҳа Тожикистон ҳукумати томонидан 2017 йилда қайта бошланган. Электр станциясининг биринчи энергия блоки 2018 йил ноябрь ойида ишга туширилган. Умумий қуввати 3600 МВт (17 миллиард кВт/соатдан ортиқ) тенг ва 335 м баландликда қурилаётган ушбу ГЭС дунёдаги энг баланд тош тўғон ҳисобланади.
Бироқ уни қуриш ишларида жуда кўплаб бахтсиз ҳодисалар содир бўлган ва оқибатда ГЭС қурилиши ишчиларнинг ўлимига олиб келган. 2020 йилда Роғун ГЭСи қурилишида 15 та авария қайд этилган, бунинг оқибатида 3 нафар ишчи ҳалок бўлган, 15 нафари турли тан жароҳатлари олган. Умуман олганда, 2020 йилда Давлат назорати хизмати назорати остидаги корхона ва объектларда 31 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, оқибатда 8 киши ҳалок бўлган, 33 киши тан жароҳати олган.
2019 йилда 33 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган, оқибатда 20 киши ҳалок бўлган ва яна 25 киши жароҳат олган. Яқинда ҳам яна фожиали ҳодиса юз берди. Юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди, бир киши жароҳатланди.
LiveБарчаси