Алиев Кавказортида Бакуни тенгсиз санади, Имомали Раҳмон Янги йил табриги йўлламади, Зеленский тўхтатмоқчи, Путин эса йўқ

Таҳлил

Президентларнинг ўз халқига йўллайдиган янги йил табриги. Ортда қолган йил давомида эришилган ютуқлар, кириб келажак янги 365 кунлик учун мўлжалланган режалар ва бошқа эзгу ниятлар жамланмасидан иборат бўлиши керакдек кўриладиган табрик. Аммо дунё жиддий сиёсий инқирозларни бошдан кечираётган даврда йил якунида давлат раҳбарлари томонидан халққа йўлланадиган мазкур мурожаат аччиқ месежларсиз ўтмаслиги табиий. Шу боис босқин ва геноцидларга тўла бўлган 2024 йил тугаб, янги 2025 йил кириб келиши арафасида аксар постсовет давлатларининг раҳбарлари томонидан қилинган янги йил табриклари шунчаки йил давомида эришилган ютуқлардангина иборат бўлмади. Путин ва Зеленский ўз нутқларининг катта қисмини кутилганидек ҳарбий мақсадларга бағишлаган бўлса, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев тўсатдан Кавказортида “ҳукмронлик” қилаётганини қистириб ўтди. Тўқаев эса Россиядан бошқа давлатлар учун аслида хотира ва ҳалок бўлганларни эслашга бағишланадиган Иккинчи жаҳон урушидаги 9 майни Кремль тафаккуридаги тушунча каби “ғалаба куни” деб номлади ва буни 2025 йилда кенг нишонланишини билдирди. Қуйида шу ва бошқа давлат раҳбарларининг янги йил табрикларида янграган жорий 2025 йил учун қилган ишораларига тўхталамиз.

Зеленский тўхташга ишора қилди. Путин эса йўқ

Зеленский ўзининг янги йил мурожаатида Киев 2025 йилда урушни тугатиш учун ҳамма нарсани қилишга тайёрлигини айтди. У Украинага тинчлик қўш-қўллаб берилмаслигини, лекин бунга эришиш учун Россияни тўхтатиш ва урушни тугатиш учун мавжуд имкониятларни тўлақонли сафарбар қилишини билдирди. Зеленский 2024 йилнинг июнь ойида Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар бошланганини эслатиб, расмий Киев Европа сари интилишда давом этишини айтди.

“Украина Европа Иттифоқида бўлади ва бир кун келиб Украина НАТОда бўлади ва иттифоқни мустаҳкамлайди. Мен, барчамиз, етарлича кучли бўлган Украина учун курашишимиз керак, чунки уруш майдонида ҳам, музокаралар столида ҳам шундай Украина ҳурмат қилинади ва эшитилади”, деди Зеленский. 

Ўз ўрнида Зеленскийнинг нутқи Кремль пропаганда машиналари томонидан умидсизликка йўғрилди. Бунда улар АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ таҳлилчиси Ларри Жонсоннинг “Зеленский атрофида нималар содир бўлаётганини мутлақо тушунмаслиги ва у ҳақиқатдан ажралган”, дея айтилган фикрини мисол қилиб кўрсатишди.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам Янги йил мурожаатида ҳарбий масалалардан узоқлашмади. У жорий йилда яқинлашиб келаётган Иккинчи жаҳон урушидаги СССР ғалабасининг 80 йиллигини эслаб, 2025 йил Россияда “Ватан ҳимоячилари йили” деб эълон қилинганини таъкидлади. Россия раҳбари ўз нутқида суверенитет, тарихий аҳамиятга эга воқеалар ва Россия тақдири ҳақида ҳам гапирди. Путин ўтган давр ҳақида гапирар экан, Россия ўз олдига катта мақсадлар қўйгани ва уларга эришгани, бу билан аллақачон фахрланиш мумкинлигини айтди. Бироқ у айнан қандай ютуқлар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади. Путин ўзи бошлаган ва 3 йилдан буён давом этаётган босқинни якунлаш ҳақида айтарли ишоралар бермади. Аммо Россиянинг бу сафарги янги йилни нишонлаш ҳолати мамлакат аслида тинч эмаслиги ва босқин фуқароларнинг кўнгилхушлик қилиш имкониятларини анча чеклаганини кўрсатиб берди. Масалан, Москва кетма-кет учинчи Янги йилни мушакбозликларсиз нишонлади. Қайд этилишича, шаҳар ҳокимияти Россия ва Украина ўртасида давом этаётган уруш фонида шундай қарорга келган. Бундан ташқари, Россиянинг ўнга яқин вилоятида ҳам пиротехника воситаларидан фойдаланишга чекловлар ёки бутунлай тақиқлар жорий қилинган.

Алиев Кавказортида “гегемонликка” даъво қилди

Постсовет давлатлари раҳбарларининг Янги йил мурожаатлари орасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевники анча эътиборни тортди. Ақтауда Россия айби билан ҳалокатга учрагани гумон қилинаётган Озарбайжон самолёти атрофидаги воқеликлар ортидан Путин билан қандай муомала қилиш бўйича кўплаб давлат раҳбарларига мастеркласс ўтаган ва ҳатто уни кечирим сўрашга мажбур қилиш ҳам мумкинлигини барчага исботлаган Алиев ўзининг Янги йил мурожаатининг деярли барча қисмини Арманистонга бағишлаб юборди. У 2024 йилда кўплаб муҳим воқеалар содир бўлгани ва улар орасида, айниқса, 1990 йилларнинг бошида босиб олинган Газах туманидаги тўртта қишлоқни ҳеч қандай ўқ отмасдан, сиёсий воситалар орқали озод қилиш энг муҳим ўрин олганини таъкидлади. Аммо Алиев бу ютуққа эришишда аслида сўнгги тўрт йил ичида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги кескинликда расмий Баку мутлақо устунлик қилгани асосий роль ўйнагани, борди-ю, бу устунлик бўлмаганда Арманистон бу қишлоқларни ҳеч қачон ихтиёрий равишда қайтармаслигини ҳам қистириб ўтди. 

“Улар буни қилишга мажбур бўлишди, бизнинг сиёсий ва ҳарбий кучимизни англаб етишди. Умид қиламанки, Арманистон ўз сиёсатида Жанубий Кавказда ва дунёда пайдо бўлган янги ҳақиқатларни ҳисобга олишда давом этади. Жанубий Кавказда биз янги ҳақиқатларни яратдик. Ватан уруши бу ҳақиқатларни яратди, давлат суверенитетимизни тиклаш уларни янада кучайтирди ва биз Жанубий Кавказда яратган янги воқеликларни дипломатик, халқаро ва сиёсий текисликда тасдиқладик. Бутун дунё янги ҳақиқатларни қабул қилди”, деди Алиев.

Алиев Арманистоннинг 2020-2023 йиллар оралиғидаги мағлубиятлари уларнинг ақлини киритиши кераклиги ва Ереван бу муваффақиятсизликлар мисолида Бакуга ҳарбий жиҳатдан ҳеч қачон кучи етмаслигини англаб етиши лозимлигини таъкидлади. У расмий баёнотларида ҳам, арман томони билан музокараларда ҳам бу хавфли йўлдан қочиш ҳақида уларни бир неча бор огоҳлантиргани ва бундай ҳаракатлар мутлақо бефойдалигини айтди. Чунки Алиевга кўра, бугун Кавказортида ҳеч қандай ҳарбий куч Озарбайжон билан рақобатлаша олмайди. У, шунингдек, ўттиз йиллик босқин, Қорабоғ ва Шарқий Зангезурнинг вайрон бўлиши, Ходжалин геноциди ҳамда Арманистон туфайли бир миллион фуқаронинг қочқин ва муҳожирга айланиши ҳеч қачон озарлар хотирасидан ўчмаслигини эслатиб ўтди. Алиев ўз мурожаати сўнгида Арманистон раҳбариятини яна бир бор ушбу хавфли йўлдан чекинишга чақириб, Ереван Баку билан на ҳарбий, на бошқа соҳаларда рақобатлаша олмаслигини иддао қилди ва Озарбайжон ғилдиракларига таёқ қўйишни истаганлар муваффақиятсизликка учрашда давом этишини таъкидлади.

Тўқаев мувозанатли “рақс” тушишда давом этади

Россиянинг Украинага босқини бошлангандан буён икки ўртада энг муваффақиятли ҳаракат қилиб келаётган лидер сифатида Туркия Президенти Эрдўған номи кўрсатилади. Эрдўған Россия ва Ғарб ўртасида бундай нозик мувозанат ушлаш сабаби хавфсизлик эмас. Унинг бу борада ҳеч қандай хавотири йўқ. Бироқ шундай давлат раҳбари борки, у бугун Россия ва Украина ўртасида нейтрал ҳаракатланаётган бўлса, энг аввало мамлакат хавфсизлиги учунгина бу ишни эҳтиёткор ва мувозанатли тарзда амалга ошириб келмоқда. Бу узоқ йиллардан буён ўз қўшниларининг ерларига русийзабон аҳолини ҳимоя қилиш баҳонаси билан бостириб кириши одатга айланган Россия билан дунёдаги иккинчи энг катта қуруқлик чегарасига эга Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги қуруқлик чегараси нақд 7644 км ни ташкил қилади ва энг хавфли томони бу чегара ҳудудлардаги аҳолининг катта қисми русийзабон эканлигида. Шу сабабли Тўқаев учун коллектив Ғарб ва Кремль билан прагматик муносабатларни йўлга қўйиш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Путин билан жиддий тўқнашув эҳтимолларини минималлаштириш эса бу заруратларнинг энг олдинги қаторида туриши табиий, албатта. Ва Тўқаев буни уддалаяпти ҳам. Ўз Янги йил мурожаатини Қозоғистон фуқароларининг ўртача умр кўриш давомийлиги мамлакат тарихида биринчи маротаба 75 йилга етганини алоҳида эътироф этишдан бошлаган Тўқаев 2024 йил давлат ҳудудида АЭС қуриш масаласи юзасидан Референдум бўлиб ўтгани ва унда фуқароларнинг аксарияти атом электр станцияси қурилишини қўллаб-қувватлаб, ўз келажаги тўғрисида жуда муҳим қарор қабул қилганини эслаб ўтди. Тўқаев нутқида асосий эътиборни 2025 йилда Қозоғистон асосан Кремль томонидан “Буюк Ғалаба” деб номланадиган 9 май кунини худди шу ном билан атаб, унинг 80 йиллиги мамлакатда муносиб нишонланишини билдирди. Шу ўринда мазкур ғоянинг илдизига ташлаш эҳтиёжи пайдо бўлади. Яъни Москва наздидаги “Ғалаба”нинг 80 йиллигини Қозоғистонда ҳам кенг нишонлаш қарори қаердан пайдо бўлди? Гап шундаки, 2024 йил ноябрда Остонада ўтган КХШТга аъзо давлатлар саммитида Путин ташкилот таркибидаги давлат раҳбарларини 2025 йил 9 май куни Москвага Буюк Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантаналарга таклиф қилди. Унга кўра, Қизил майдондаги парадда россиялик ҳарбийлар билан биргаликда КХШТ давлатларининг ҳарбий бўлинмалари ҳам қатнашиши мумкинлиги айтилди. Бундан ташқари, саммит якунида имзоланган 14 та ҳужжат ичида шу кунни кенг миқёсда нишонлаш бўйича алоҳида ҳужжат ҳам мавжуд эди.

Лукашенко ҳам “президент” сифатида янги йил табриги йўллади

Бошқа давлат раҳбарлари қатори беларуслик Лукашенко ҳам янги йил мурожаатини йўллади. Ўз нутқида “ҳаёт мусиқага ўхшайди, у турли хил ноталарда, турли хил тугмачаларда эшитилади, биз эса ҳар доим бир-биримизга ёрдам бериш орқали энг яхшисини созлашимиз керак”, деган чиройли метафораларни ишлатиб. Лукашенко суверен Беларусь тарихидаги биринчи космонавтнинг жорий йил бошидаги парвози мамлакат тарихидаги яна бир муҳим воқелик бўлганини алоҳида таъкидлади. Бундан ташқари, у ўз нутқида жорий 2025 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловига ҳам бироз тўхталди.

“Яқинда биз давлатнинг келажагини танлашимиз керак. Биз ҳаммамиз унинг муваффақиятли ва бахтли бўлишини хоҳлаймиз. Ва, албатта, тинч бўлишини ҳам!”, деди Лукашенко.

2025 йил 26 январда Беларусда президентлик сайлови ўтказилади. Бу сайловда Лукашенконинг ҳам номзоди, табиийки, рўйхатга олинган ва бу у учун мустақил Беларусь тарихидаги еттинчи президентлик сайлови ҳисобланади. Еттинчи! Бундай натижа ҳатто Путиннинг ҳам ҳавасини келтирса ажаб эмас. Аммо Лукашенконинг бугунги кунга қадар ютган 6 та сайловининг фақат биттасигина халқаро доиранинг катта қисми томонидан ижобий қаршиланган. 1994 йилдан бошлаб Минскдаги “тахти”ни зўрма-зўраки тарзда ҳеч кимга бермай келаётган Лукашенко учун охирги сайлов натижалари жуда жиддий муаммо туғдирди. Беларусда 2020 йилги президент сайлови натижалари эълон қилинганидан кейин оммавий норозиликлар авж олиб, мухолифат етакчиси Светлана Тихановская ўша сайлов натижаларини тан олмади. Вазият кескинлашиши оқибатида Лукашенко ўзида мавжуд бўлган барча административ имкониятларни ишга солди. Хусусан, унинг буйруғига биноан мамлакат бўйлаб интернет кенг миқёсда ўчирилди, полиция тинч намойишчиларга нисбатан куч ишлатди ва ҳатто Путин ҳам агар намойишлар тўлқини вайронкорликка қараб йўналиш олса, Беларусга Россия ҳарбийларини киритиш билан таҳдид қилди. Якунда эса Беларусь аҳолиси эмас, балки катта эҳтимол билан Путин ва бошқа куч тузилмалари Лукашенконинг тугаб бораётган сиёсий умрига яна бир мандат берди. Бироқ бундай норозилик кайфияти Лукашенкони авторитар кайфиятдан бироз бўлса-да қайтишга мажбур қилди. 2021 йил декабрь ойида бир шахс икки муддатдан ортиқ республика президенти этиб сайланишини тақиқлайдиган Беларуснинг янги Конституция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Александр Лукашенко конституциявий ўзгаришлар зарурлигини тан олди ва баъзи президентлик ваколатларини ҳокимиятнинг бошқа тармоқларига топширишга тайёрлигини ҳам айтиб чиқди. Аммо урушлар диктатор учун “ёшлик эликсири” экани Россиянинг Украинага босқини бошланганда яна бир бор ўз исботини топди. Айни дамда Шарқий Европада узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган уруш баҳонасида Лукашенко юқорида қайд этилган ижобий ўзгаришлар ва уларни реализация қилиш ҳақида ўйлаётгани даргумон. Уни шу кеча-кундузда яқин кунлар ичида бўладиган мухолифатсиз сайловнинг тинч ўтишидан бошқа айтарли масала қизиқтирмаслиги табиий. Бу учун аллақачон тизимли тайёргарлик ва ҳатто босимлар ҳам бошлаб юборилган. Хусусан, Лукашенко агар бу йил ҳам 2020 йилги сайловлар каби тартибсизликлар авж олса, аҳолини интернетдан маҳрум қилиш билан қўрқитди.

“Агар бу такрорланса, интернетни бутунлай ўчириб қўямиз. Очиқ айтаман, бу деярли ҳар доим менинг рухсатим билан содир бўлган. Олдимизда иккита муаммо бор эди ва уларни ўлчаб кўришимизга тўғри келди...”, дейди Лукашенко.

Баъзи манбаларга кўра, навбатдаги сайловлар арафасида кучишлатар тузилмалар олдига овоз бериш вақтида норозилик билдириш эҳтимоли бўлганларни “филтрлаш” вазифаси қўйилган. Маълумотларга кўра, ҳудудларда олдиндан тинтув қилиш ва қўлга олиш учун мўлжалланган шахсларнинг рўйхати тузилган. Шунингдек, кучишлатар тузилмалар сайловларнинг “ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисаларсиз” ўтишини таъминлаши керак, жумладан, норозилик варақалари тарқатиш, овозларни шаффоф ҳисоблаш талаблари ёки Лукашенко номзодига қарши чиқишлар кузатилмаслиги зарур.

Имомали Раҳмон илк бор табрик йўлламади

Постсовет давлатларининг раҳбарлари томонидан қилинган сўнгги Янги йил табриклари қаторидан бу сафар Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмоннинг тушиб қолгани эътиборни тортди. Бундай ҳолат 30 йилдан буён ҳокимият тепасидан тушмай келаётган Раҳмон фаолиятида илк бор кузатилди. Бироқ тожикистонликларга давлат раҳбари томонидан Янги йил табриги йўлланмаган бўлса-да, бу ишни унинг ўғли Тожикистон Республикаси Миллий Кенгаши раиси, Душанбе ҳокими, бир сўз билан айтганда “тахт вориси” – Рустам Имомали Раҳмон амалга оширди. Бундан ташқари, Мирзиёев ва бошқа минтақа мамлакатларининг раҳбалари ҳам ўз халқига Янги йил табрикларини йўллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Имомали Раҳмон Лукашенко Зеленский Янги йил Алиев Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг