Имомали Раҳмоннинг набираси 9 ёшида Дубайдан ҳашаматли квартира сотиб олган
Олам
−
24 Декабрь
16176Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг набираси 9 ёшида Дубайдан дабдабали квартира сотиб олган. Бу ҳақда Дубайнинг кўчмас мулк соҳасидаги махфийликни ошкор қилувчи “Dubai Unlocked” маълумотлар базасида келтирилган.
Қайдлар БАА шаҳридаги ҳашаматли мулкларга эга бўлган дунё бўйлаб юз минглаб одамларнинг шахсини ошкор қилувчи маълумотларнинг бир қисми ҳисобланади. Ошкор қилинган маълумотларда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг набираси Эражжон Гулов Палм Жумейра архипелагида жойлашган 210 квадрат метрлик квартирани сотиб олиш учун қанча пул тўлагани келтирилмаган. Аммо квартиранинг катталиги ва Дубайдаги кўчмас мулк нархига асосланган ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда тураржойнинг қиймати 1,3 миллион доллардан ошади.
Дубай Ер департаменти маълумотларига кўра, у ҳанузгача 18 ёшга тўлган Эражжон Гуловга тегишли бўлиб, ҳар йили ижарадан 55 минг доллар даромад олиш учун фойдаланилади.
Квартира сотиб олинган пайтда Гуловнинг ота-онасининг даромади бундай қимматбаҳо мулкни сотиб олишга етган-етмагани номаълум. Онаси Парвина Раҳмонова расман ишламаган, отаси Ашрафжон Гулов эса Москвадаги Тожикистон элчихонасининг консуллик хизматлари раҳбари бўлган. Шунингдек, у илгарироқ Тожикистон Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар бўлимига бошчилик қилган.
Тожикистонда давлат хизматчилари маошлари ёки даромадларини ошкор қилиш мажбурий эмас. Аммо 2022 йилда Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган рўйхатга кўра, давлат хизматчисининг энг юқори маоши ойига атиги 200 долларни ташкил этган.
Texas А&М University тадқиқотчиси ва Марказий Осиё эксперти Эдвард Лемоннинг фикрига кўра, Гуловнинг дипломатик маоши Дубайда 1,3 миллион долларлик мулк сотиб олишга имкон бермаган бўларди.
“Шунга қарамай, 2015 йилда Раҳмонова ва Гулов ўртача тожиклардан анча юқорироқ даромадга эга бўлган. Ашрафжон Гуловнинг отаси Шерали Гулов 2006-2013 йилларда Тожикистон Энергетика ва саноат вазири лавозимида ишлаган. Парвина Раҳмонованинг отаси Имомали Раҳмон эса минтақадаги энг коррупциялашган ва непотизмга асосланган режимлардан бири сифатида баҳоланган ҳокимиятни бошқариб келаётган эди”, дейилади хабарда.
Freedom House ташкилотининг 2015 йилдаги ҳисоботида Раҳмон “непотизм ва клан аъзолигига асосланган имкониятлар яратишда давом этаётгани” ва “айниқса, солиқ ёки савдо соҳаларидаги давлат лавозимлари жуда даромадли экани” қайд этилган.
Эражжон Гулов ҳам, унинг ота-онаси ҳам бу маълумотларга изоҳ бермаган.
Бирлашган Араб Амирликларининг 1985 йил қабул қилинган қонунига кўра, 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар кўчмас мулкка эга бўлишлари мумкин, лекин фақат қонуний васийнинг розилиги билан.
Очиқ маълумотлар базасида Tanzanite Residence’ни сотиб олишда Эражжон Гуловнинг васийси ким бўлгани кўрсатилмаган. Лекин, Тожикистон дипломатик хизматларининг собиқ раҳбари Суҳроб Мирзоалиевнинг электрон почта манзили кўчмас мулк билан боғлиқ маълумотлар олиш учун контакт сифатида кўрсатилган. Бироқ у ҳам маълумотларга изоҳ бермаган.
Мустақил нотижорат тадқиқот ташкилоти Noria MENA дастурининг катта илмий ходими ва бош муҳаррири Колин Пауэрснинг айтишича, вояга етмаганларга мулкни сотишга рухсат бериш Дубай ўзининг кўчмас мулк бозорига капитал оқимини ушлаб туриш учун эркин тартибга солувчи назоратдан фойдаланадиган кўплаб усуллардан бири ҳисобланади.
“Бой оилалар учун бола номидан мулкка эга бўлиш ноқонуний даромадларни яширишга ёрдам беради ёки активларни тарқатиш орқали солиқ мажбуриятларини чеклайди”, дейди Пауэрс.
Маълумот учун, Президент Раҳмоннинг кўплаб оила аъзолари мамлакатда юқори лавозимларни эгаллаган. Қизи Озода Президент маъмурияти раҳбари, бошқа қизи Зарина эса Тожикистоннинг энг йирик тижорат банки Orienbank’нинг бошқарув кенгаши раисининг биринчи ўринбосари. Ўғли Рустам Имомали пойтахт Душанбе ҳокими ва парламентнинг юқори палатаси раиси лавозимида ишламоқда.
Ашрафжон Гулов 2024 йилда БААга Тожикистон элчиси этиб тайинланган. Унинг турмуш ўртоғи Парвина Раҳмонова эса фармацевтика соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиб, давлат буюртмалари орқали катта даромад олади. Гуловнинг Душанбеда ҳам бир нечта кўчмас мулклари борлиги аниқланган. Шу билан бирга, у дипломат сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.
LiveБарчаси