ChatGPT ҳам Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди
Жамият
−
09 Апрель 4835 1 дақиқа
АҚШнинг сунъий интеллектга ихтисослашган OpenAI компанияси Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи хорижий компания сифатида рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси хабар берди.
“ChatGPT (Chat generative pre-trained transformer) сунъий интеллект чатботи ва DALL-E рақамли тасвирларни яратиш модели ишлаб чиқарувчиси Американинг OpenAI компанияси Ўзбекистон Республикасида ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди”, дейилади хабарда.
Шу билан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган хорижий интернет-компаниялари сони 67 тага етди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитойнинг Temu онлайн маркетплейси Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтганди. 20 март куни маркетплейс Ўзбекистондаги фаолияти давомида қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўламагани учун блокланди. 1 апрель куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Temu маркетплейси Ўзбекистонга тахминан 46 млрд сўм миқдорида солиқ тўламагани, солиқларни тўласа, фаолиятини легаллаштириш имконияти яратиб берилишини маълум қилди.