Буюк Британияда бўрон ва сув тошқини: 2 киши ҳалок бўлди

World

−

image

Буюк Британияда “Boelo” бўрони оқибатида икки киши ҳалок бўлди, 90 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 октябрь куни Лондон шимолидаги Финчли ҳудудида ҳаракатланаётган автомобиль устига дарахт қулаган. Оқибатда 20 ёшлардаги ҳайдовчи воқеа жойида вафот этган. Бундан бир неча соат олдин Шотландиянинг Дамфрис-энд-Гэллоуэй ҳудудида 60 ёшли эркакнинг устига ҳам дарахт қулаб, у ҳалок бўлган.

Шунингдек, Шотландиянинг Аберфелди ҳудудида дарахт қулаш оқибатида икки аёл жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.

Маълумотларга кўра, 25 октябрь куни соат 19:00 ҳолатида мамлакат бўйлаб 90 мингдан ортиқ хонадон электрсиз қолган. Қутқарув ва таъмирлаш ишларига кучли шамол ҳамда хавфли об-ҳаво шароити тўсқинлик қилган.

Бўрон вақтида шамол тезлиги Шотландиянинг Махрихэниш ҳудудида соатига 137 километрга, Сторновей ва Уэльснинг Капел-Куриг ҳудудларида эса соатига 135 километрга етган. Кучли ёғингарчилик ҳам кузатилиб, Шотландия тоғли ҳудудларидаги айрим жойларда 130 миллиметргача ёмғир ёққан.

Ноқулай об-ҳаво сув тошқинларига ҳам сабаб бўлган. Шотландиянинг Ларгс шаҳрида бир қатор савдо шохобчаларини сув босган, Скелморли ва Ларгс ўртасидаги асосий йўл жиддий зарар кўрган. Дамбартон шаҳридаги мобил телефонлар дўконига ҳам сув кирган. Унинг эгаси етказилган зарарни 5 мингдан 10 минг фунт стерлинггача баҳолаган.

Бўрон сабаб мамлакат бўйлаб транспорт қатнови ҳам издан чиққан. Айрим авиарейслар бекор қилинган, паромлар қатнови чекланган, поездлар ҳаракатида узилишлар кузатилган. Шотландия полицияси фуқароларни зарурат бўлмаса, йўлга чиқмасликка чақирган.

Маълумот учун, “Boelo” бўронидан олдин, жорий йилнинг 23 октябрь куни Буюк Британияда “Austen” бўрони ҳам кузатилган. Энергетика тармоқлари ассоциацияси маълумотига кўра, икки бўрон оқибатида мамлакат бўйлаб жами 838,7 мингта хонадонда электр таъминоти узилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тайван қирғоқларидан ўтган “Чампи” тайфуни оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 527 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends