Бухородаги барча ҳокимлар “Ситораи Моҳи Хосса” санаторийсида дам олишади
Жамият
−
31 Декабрь 2021
8772Бухоро вилоятининг барча туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосари 2022 йилнинг 1 январидан 15 январигача бўлган муддатда режага кўра таътилга чиқади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ботир Зарипов маълум фармойиш берди.
Маълумотларга кўра, таътил “Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси асосида ва Президент Администрациясининг 25 декабрдаги топшириғига асосан ўтказилмоқда. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, маслаҳатчилари ва ёрдамчилари, ташкилий-кадрлар гуруҳлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари учун меҳнат таътиллари тегишли муддатга белгиланди.
Таътилга чиқаётган туман ва шаҳар ҳокимларининг вазифалари вақтинчалик ҳоким ўринбосарлари зиммасига юклатилди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қарорлар ва фармойишлар туман ва шаҳар ҳокими вазифаларини бажариш вақтинча юкланган ҳоким ўринбосарлари томонидан туман ва шаҳар ҳокими билан келишилган ҳолда қабул қилинади.
Шунингдек, ҳокимларга уларнинг ўринбосарларини 2022 йил 17 январдан соғлиғини тиклаш мақсадида меҳнат таътилига чиқаришни таъминлаш топширилди.
“Ситораи Моҳи Хосса” санаторийсида секторлар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ҳокими ўринбосарларининг даволаниши ва саломатлигини тиклаши учун тегишли шароитлар яратилади. Таниқли санъаткорлар билан маданий тадбирлар ташкил этади. Уларни даволаш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қайд этилишича, фойдаланилмаган меҳнат таътил кунлари ходимларнинг илтимосига биноан пул компенсацияси билан алмаштирилади.