Бугуннинг ўзида коронавирусдан тузалганлар 36 нафарга етди
Жамият
−
20 Апрель 2020
8824Тошкент тиббиёт академиясида яна 21 нафар бемор коронавирусдан тузалди. Бу ҳақда бугун, 20 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
“Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан коронавирус инфекциясига чалинган 21 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди“ дейилади хабарда.
Таъкидланишича, соғайганларнинг 13 нафари чартер рейс орқали Туркиядан Тошкентга келишган бўлиб, “Ботаника” санаторийси ҳамда Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган эди. Уларда коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанишни бошлашган. Қолган 8 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган.
Беморлардан 5 нафари эркак, 16 нафари аёллардир. Улардан 13 нафари пойтахтимиздан, 6 нафари Тошкент вилоятидан, Фарғона ва Навоий вилоятларидан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда эканлиги маълум қилинган.
Шундай қилиб, бугун мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 36 нафарга етиб, жами 261 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Бугунгача касалланганларнинг, 5 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси