Бу йилги Ҳаж мавсумида вафот этган зиёратчилар кўп бўлганининг сабаблари айтилди
Олам
−
24 Июнь
15577Ҳаж зиёратининг 2024 йилги мавсумида вафот этган зиёратчилар сонининг кўплигига Саудия Арабистонида кечаётган иссиқ об-ҳаво шароити сабаб бўлган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, қуйидагилар бу йилги мавсумда вафот этганларнинг сони кўплигига сабаб бўлган:
- Ҳаддан ташқари иссиқ ҳаво;
- Одамларнинг кўплиги ва санитария муаммолари;
- Транспорт муаммолари;
- Тиббий ёрдамни кечикиши;
- Ҳужжатсиз зиёратчилар;
- Кексалар, ногирон ёки касал ҳожилар.
Маккада соядаги ҳаво ҳароратининг ўзи 51 даражадан ошиб кетган ва кечаси фақат вақти-вақти билан 40 даражадан пастга тушган. Кўплаб зиёратчилар, айниқса кексалар ҳамда касаллар соя топиб бўлмайдиган кенг очиқ жойларда жазирамадан сақланиш учун курашган. Тадқиқотларга кўра, агар ўртача ҳаво ҳарорати 1,5 даражага кўтарилса, Ҳаж зиёратида иссиқлик уриши хавфи 5 баробар ошиши мумкин.
Ўлим сонининг кўплигига зиёратчиларнинг орасида кекса, ногирон ёки сурункали касали борларнинг мавжудлиги ҳам омил сифатида кўрсатилган. Айрим зиёратчиларнинг Ҳажга ноқонуний, тегишли рухсатномаларсиз келгани ҳам уларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кескин чеклаб қўйган. Араб дипломатларидан бирига кўра, вафот этганларнинг 630 дан ортиқ мисрлик бўлиб, уларнинг ҳеч бирида тегишли рухсатнома бўлмаган.
Шунингдек, транспорт муаммолари ҳам бу йил Ҳаж вақтида зиёратчилар жазирама ҳавода узоқ пиёда юришларига сабаб бўлган. Айрим вафот этганлар ҳатто етти километр йўлни соясиз ва бир томчи сувсиз пиёда босиб ўтган.
Маълумот учун, кўпчилик зиёратчилар умрининг охирида Ҳаж зиёратига боради, баъзилар Ҳаж сафарида вафот этишдан умидвор бўлади. Саудия Арабистонидаги Ал-Боқий қабристонига Муҳаммад пайғамбар асос солгани айтилади, бу уни мусулмонлар учун орзу қилинадиган дафн жойига айлантиради. Агар зиёратчи Ҳаж вақтида вафот этса, унинг ўлими ҳақида қариндошларига хабар қилинади, улар марҳумнинг шахсини тасдиқлайди. Дафн маросимлари машҳур масжидда ўтказилади, аммо қабрларнинг ўзи оддий, баъзида бир нечта жасадлар бирга дафн этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилги Ҳаж мавсумида қанча киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди.