Бу олтинчиси. “Толибон” Афғонистонда яна бир вилоят марказини босиб олди

Олам

image

Кеча, 9 август куни “Толибон” радикал ҳаракати жангарилари Афғонистон шимолидаги Саманган провинцияси маъмурий маркази Айбак шаҳрини эгаллаб олди. Шу тариқа толиблар назоратига ўтган провинция маъмурий марказларининг сони олтитага етди. Бу ҳақда “The Guardian” ёзмоқда.

Маҳаллий оқсоқоллар Айбакни қуролли тўқнашувлардан халос қилишга чақирганидан кейин ҳаракат вакиллари шаҳарга жангсиз кирган. Губернатор тинч аҳолининг ҳалок бўлмаслиги учун аскарларини чекинишга чақирган.

“Маҳаллий хавфсизлик кучлари ва амалдорлар шаҳарни бир томондан тарк этганидан сўнг, тахминан 30 дақиқа ўтиб, толиблар бошқа томондан кириб келди”, дейди нашр манбаси.

Маълумот ўрнида, шу вақтга қадар “Толибон” ҳаракати Жузжон, Сари-Пул, Қундуз, Нимрўз ва Тахор провинциялари марказлари устидан ўз назоратини ўрнатган. Нашрга кўра, айни вақтда Афғонистондаги 120 та шаҳар “Толибон” қўл остида қолмоқда.

Маълумот учун, ҳозирда Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида ҳарбий ҳаракатлар кетяпти. Кимнинг қўли баланд келиши борасида бир аниқ башорат бериш қийин. Чунки Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисидан ҳар куни турли хил хабарлар келмоқда. 

Бир сафар толиблар Афғонистоннинг бирор туманини эгаллагани айтилса, бошқа сафар ҳукумат кучлари ҳаракат аъзоларининг бир қанча жангариларини йўқ қилганини айтмоқда. Жумладан, Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бир суткада “Толибон” ҳаракатининг 450 дан ортиқ жангарасини йўқ қилгани ҳақида хабар берган бўлса, июль ойи охирида ҳаракатнинг бир неча қўмондонлари ҳибсга олингани айтилганди. Шу ўринда, мамлакатни тарк этаётган АҚШнинг уринишларини эсдан чиқармаслик керак. Америка Ҳаво кучлари бир неча марта толибларни ҳаводан ўққа тутиб, “Толибон”ни фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормасликка чақирди. Ўз навбатида, расмий Қобул “Толибон” билан тинчлик ўрнатишга рози эканини маълум қилган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made