“Бу — гуманитар фалокат”. Путин Афғонистондаги вазиятни баҳолади 

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқилгандан кейинги вазиятни гуманитар фалокат, деб атади.  

“Бу ҳақиқат. Бу менинг сўзларим эмас. Америкалик таҳлилчиларнинг сўзлари. Бу фалокат, чунки америкаликлар бу кампанияга бир ярим триллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлашди. Натижаси нима бўлди? Ноль”, деган Россия раҳбари. 

У, шунингдек Қўшма Штатлар ва иттифоқчилар учун ишлаган, кейин мамлакатда ташлаб кетилган одамларнинг сонига эътибор қаратган. 

“Афғонистон мисолида, мен кўплаб ҳамкасбларимдан эшитганман — ҳа, бу хато, ҳа, биз ўзимизни нотўғри тутганмиз, келажакда бундай қилмаслигимиз керак. Ўша пайтдан бери Осиё мамлакатларига, Хитойга шартли равишда келган ва маҳаллий аҳолини маданиятли қилган католик руҳонийларининг таълим фаолиятидан бошлаб хато йўл тутилган”, деган Путин. 

Президент Афғонистон ҳақида гапирар экан, “зўравонлик воситалари” билан ташқаридан демократия ўрнатишга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган. 

“Агар қайсидир халққа демократия керак бўлса, халқ бунга ўзи эришади”, дея хулоса қилган Россия раҳбари.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Путин

Баҳолаганлар

153

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made