Бу бола бизнинг уруғдан эмас – Шерали Жўраевнинг укаси
Интервью
−
25 Апрель
133561Бир неча йилдан буён хонанда Ботир Қодиров Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг ўғли экани ҳақида гаплар юради. Буни қарангки, бу гаплар Шерали Жўраев вафотидан кейин ҳам тинмади. Шу йилнинг февраль ойи бошларида Ботир Қодиров онасининг шаъни, ор-номуси ва ўзининг қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида, оталик фактини белгилаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Мазкур иш 15 апрель куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида судья Ўтанбоева томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Бироқ жавобгар (Зоҳиршоҳ Жўраев) вакили иш билан танишиш учун судни бошқа кунга қолдиришни сўраган. Шундай қилиб, биринчи суд мажлиси 23 апрель куни бўлиб ўтди. Билдирилишича, суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далилларни талаб қилиб олиш учун ишни кўриш яна 2 майга қолдирилган.
Даъво аризасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг 2023 йил 29 сентябрдаги мутахассис фикри илова қилинган. Унда Ҳалимжон Нурматов билан Ботир Шералиевич Қодировнинг амаки-жиян эканлиги бўйича фикр берилган.
QALAMPIR.UZ ушбу мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Шерали Жўраевнинг укаси Ҳалимжон Нурматов билан боғланди. Буни қарангки, у Ботир Қодиров билан амаки-жиян эканини аниқлаш учун ДНК текшируви ўтказилганини рад этмоқда.
Абдураҳмон Эргашев, мухбир – Бир неча йил аввал Ботир Қодиров билан бирга "амаки-жиян" эканингизни аниқлаш учун ДНК анализи топширган экансиз. Шу ҳақда маълумот бера оласизми?
Ҳалим Нурматов (Шерали Жўраевнинг укаси) – Мен ҳеч қандай ДНК тестига бормаганман. Ботир Қодиров бизга қарашли одам эмас. Мен айнан ДНКга тест топширганимни эслай олмайман. Лекин кўзимни даволатамиз деб шифохонага олиб боришган. Кўзимдан бир-икки нарса олди. Нимага олганини билмайман. Бу бола бизнинг уруғдан эмас. Агар у бизнинг жиянимиз бўлганда, шунча вақтдан бери бир марта ҳам хабар олмасмиди?
Бизда "Отанг бор уйнинг томига чиқма", деган қонун-қоида бор. Бир пайтлари биз Ботир Қодировни жуда яхши кўриб юрардик. Агар Шерали Жўраев унинг отаси бўлганида, ҳозирги гаплар бўлмасди. Ҳамма Шер акани ёмонлаяпти. У ҳам қарши томонда қўшилишиб гапирмоқда. Ким отасини ёмонласа, индамай қўшилади? Демак, унинг отаси эмас. Демак, у мол-дунёгами, нимагадир интилиб отам деяпти. Унга ота ҳам керак эмас.
А.Э.: — Бундан 30 йиллар олдин Андижондаги тўйда Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг ўғли эканини айтгансиз.
Ҳ.Н.: — Мен ундай демаганман. Андижонликлар шундай деб юрар эди.
А.Э.: — Сиз Шерали Жўраевнинг укаси сифатида Шералиевич Ботир Қодировни ҳақиқатдан ҳам акангизнинг ўғли эканига гувоҳлик берасизми?
Ҳ.Н.: — Йўқ. Унинг ўғли эмас. Шер ака “у менинг ўғлим эмас бу, ҳаромидан бўлган бу”, деган видеоси ҳам бор керак бўлса. Ўшанда биз ҳам Шерали Жўраев билан бирга тўйда хизматда эдик. Шерали Жўраев тан олмаса, мен қандай унинг ўғли дея оламан. Мен Ботир Қодировни беш ёшида кўрганман. Унинг холаси бор, ўша билан бирга кўрганман. Агар Шерали Жўраев бутун оламга “бу менинг ўғлим эмас”, деб айтмаганида эди, Шер аканинг ўғли экан деган бўлар эдик. Агар ўша вақтлардан одамлар орасида “бу Шерали Жўраевнинг ўғли”, деган гап бўлмаганда, Шер аканинг номи бўлмаганида, бу бола машҳур ҳам бўлмас эди. Ақли бўлганида, судма-суд югурмасдан қўшиқ айтиб юравериш керак эди.
А.Э.: — Биздаги маълумотларга кўра, Шоҳжахон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлар Ботир Қодировнинг онасининг шаънига ёмон гаплар айтган. Қодиров ҳам онасининг номини оқлаш мақсадида ҳақиқатдан ҳам Жўраевнинг фарзанди эканини даъво қилиб, судга мурожаат қилган.
Ҳ.Н.: — Ботир Қодировнинг онаси ёмон аёл эмасди. Қодиров Шерали Жўраевнинг ўғлими йўқми, уни Шер аканинг ўзи билади.
Маълумот учун, судга Янгийўл туман ФҲДЁ бўлими томонидан Ботир Қодировнинг 2008 йил 26 февралда фамилиясини “Жўраев”дан “Қодиров”га, отасининг исмини “Шерали ўғли”дан “Шералиевич”га ўзгартирилгани ҳақидаги ҳужжатлар тақдим этилган.
Шунингдек, Ботир Қодиров Жўраевларни судга берганига Шерали Жўраевнинг тўнғич ўғли Шоҳжаҳон Жўраев ижтимоий тармоқдаги саҳифасига уни ҳақоратлаб қўйган пости сабаб бўлганини билдирган.