Андижонда Шерали Жўраев номидаги мактаб ташкил этилади

Жамият

image

Андижон шаҳридаги санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. Шерали Жўраев номидаги миллий қўшиқчилик телетанлови ҳар йили ўтказилади. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишаётганида маълум қилинди. 

Олий мактабда илмий-ижодий лаборатория тузилиб, Шерали Жўраев қўшиқларининг “олтин фонди” яратилади. Замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилиб, иқтидорли ёш ижодкорлар ундан имтиёзли фойдаланиши мумкин бўлади.

Тақтимотда давлат раҳбари соҳада илғор хорижий тажрибани босқичма-босқич жорий этиш бўйича кўрсатма берди.

Унга кўра, Ботир Зокиров мемориал музейини ташкил этиш, Ботир Зокиров номидаги стипендия жорий қилиш, халқаро эстрада танловини ўтказиш режалаштирилган. Институтнинг бакалавриат босқичини тамомлаган энг фаол битирувчилар чет элга магистратурада ўқишга юборилади ҳамда иқтидорли талабаларнинг нуфузли халқаро танловларда иштироки қўллаб-қувватланади.

Қолаверса, Фарғона вилоятида симфоник оркестр ва миллий чолғулар оркестри тузилади. Улар зарур мусиқа асбоблари, овоз кучайтириш ва ёритиш ускуналари, саҳна либослари ва бошқа анжомлар билан таъминланади.

Шунингдек, тақдимотда ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар кўриб чиқилган. 

Жумладан, Буюк Британия Қироллик фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида академик платформа яратиш режалаштирилган. У орқали магистрлар тайёрлаш, тадқиқотлар ўтказиш, ўқув қўлланмаларини жорий этиш йўлга қўйилади. Бу платформа билан 3 мингдан зиёд иқтидорли ҳунармандлар босқичма-босқич қамраб олинади. Кейинчалик уни амалий санъат мактабига айлантириш кўзда тутилган.

2023 йилда Бухоро “Ҳунармандчилик ва халқ санъати” йўналишида UNESCO’нинг креатив шаҳарлар тармоғига киритилган эди. У ерда 2 минг нафар ҳунарманд 36 та йўналишда ижод қилади.

Сентябрь-ноябрь ойларида Бухорода биринчи замонавий санъат биенналеси ўтказилади. Унга 40 та давлатдан 70 нафар машҳур рассом ташриф буюради.

Давлат раҳбари маданий туризмни ривожлантиришга катта туртки берадиган бундай йирик тадбирларни юқори савияда ташкил қилиш муҳимлигини таъкидлаган. 

Президент томонидан мутасаддиларга лойиҳаларни сифатли бажариш ва тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Андижон Шерали Жўраев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг