Бу ҳафта осмонни мовий ой ёритади

Бу қизиқ

image

Дунё бўйлаб миллионлаб осмон кузатувчилари шу ҳафта охирида кам учрайдиган астрономик ҳодисалардан бири – “Мовий ой”ни томоша қилиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Номига қарамай, Ой аслида мовий рангга кирмайди, бироқ ушбу ҳодиса астрономия ихлосмандлари учун алоҳида аҳамият касб этади.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 31 май куни юз берадиган тўлин ой календар бўйича мовий ой ҳисобланади. Бундай ҳодиса бир календар ойида иккита тўлин ой кузатилганда юз беради ва у ҳар икки-уч йилда бир марта содир бўлади. Астрономик ҳисоб-китобларга кўра, мовий ой ҳар 19 йил давомида ўртача етти марта кузатилади.

Ой фазаларининг тўлиқ айланиш даври 29,5 кунни ташкил этади. Бу эса оддий календар ойидан бироз қисқароқ бўлгани сабабли айрим ҳолларда бир ой ичида иккита тўлин ой пайдо бўлишига олиб келади. Ана шу иккинчи тўлин ой мовий ой деб аталади.

Қизиқарли жиҳати шундаки, баъзи йилларда икки марта мовий ой кузатилиши ҳам мумкин. Масалан, 2018 йилда январ ва март ойларида иккитадан тўлин ой қайд этилган, феврал ойида эса умуман тўлин ой бўлмаган. Астрономларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бундай ҳолат кейинги сафар 2037 йилда такрорланади.

Шунингдек, мовий ойнинг яна бир тури мавжуд. У мавсумий мовий ой деб аталади. Одатда бир фаслда учта тўлин ой кузатилади, бироқ айрим ҳолларда тўртта тўлин ой содир бўлиши мумкин. Шунда учинчи тўлин ой мавсумий мовий ой сифатида қайд этилади. Кейинги мавсумий мовий ой 2027 йил 20 майда кузатилиши кутилмоқда.

Кўпчиликни қизиқтирадиган саволлардан бири — Ой ҳақиқатан ҳам мовий рангда кўринадими? Олимларнинг таъкидлашича, бундай бўлмайди. Ҳодиса номи фақат астрономик атама бўлиб, Ой одатдагидек кумушранг ёки сарғиш тусда намоён бўлади. “мовий ой” ибораси ХВИ асрда жуда кам учрайдиган ёки деярли имконсиз ҳодисаларни ифодалаш учун ишлатилган. Кейинчалик бу атама астрономик ҳодисага нисбатан қўлланила бошлаган.

Шунга қарамай, тарихда Ойнинг мовий тусга киргани кузатилган ҳолатлар ҳам бор. Масалан, 1883 йилда Индонезиядаги Кракатау вулқонининг кучли отилишидан сўнг атмосферага тарқалган улкан миқдордаги чанг ва тутун зарралари сабабли дунёнинг айрим ҳудудларида Ой мовий рангда кўрингани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Бу сафарги мовий ой яна бир ўзига хос хусусиятга эга бўлади. У йилнинг энг узоқ тўлин ойи – микроой сифатида ҳам қайд этилади. Микроой Ой Ер атрофидаги орбитасининг энг узоқ нуқтасига яқинлашган пайтда юз беради. Натижада Ой одатдагидан бироз кичикроқ кўринади. Астрономларнинг маълумотларига кўра, 31 май куни Ой Ердан тахминан 406 минг километр узоқликда бўлади. Таққослаш учун, Ой ва Ер орасидаги ўртача масофа 384 минг километрни ташкил этади.

Шунга қарамай, инсон кўзи бу фарқни деярли сезмайди. Мутахассислар Ой ўлчамидаги тахминан 10 фоизлик ўзгаришни фақат тажрибали кузатувчилар ёки махсус таққослаш усуллари ёрдамида пайқаш мумкинлигини таъкидламоқда.

Мовий ойни кузатиш учун махсус телескоп ёки астрономик ускуналар талаб этилмайди. Тўлин ой очиқ осмон шароитида оддий кўз билан ҳам яққол кўринади. Астрономлар Ойни уфқдан кўтарилаётган пайтда кузатиш ва суратга олишни тавсия қилмоқда. Айнан шу вақтда осмоннинг мовий туслари билан Ой нури уйғунлашиб, энг чиройли манзарани ҳосил қилади.

Америка, Африка ва Европа қитъаларида яшовчилар Ойнинг энг ёрқин ҳолатини 30 май оқшомида кузатишлари мумкин. Осиё, Австралия ва Янги Зеландия аҳолиси учун эса энг қулай вақт 31 май кечасига тўғри келади.


Мақола муаллифи

Теглар

Дунё мовий ой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг