Бруно Роналдунинг португалча шевасини “масхара қилди”
Спорт
−
22 Октябрь 2021
3225“Манчестер Юнайтед” ҳужумкор ярим ҳимоячиси Бруно Фернандеш жамоадоши Криштиану Роналдунинг португалча шевасини ҳазиломуз тарзда танқид қилди. Футболчи бу ҳақда “Manchester evening news” нашрига берган интервюсида айтиб ўтган.
“Баъзан Лингард ва Рэшфорд бир-бирини тушунишга қийналади. Вазият португал тилида ҳам худди шундай. Агар сиз Криштиану Роналдудан португалча сўзлаб беришини сўрасангиз, мен ва Диого Далотга қараганда ўзгача гапиришига гувоҳ бўласиз. Криштианунинг гапириш услуби португал тилининг энг ёмон лаҳжаларидан биридир (кулади). Роналду – Мадейрадан. Қасам ичаманки, португаллар бу орол аҳолиси нима деяётганини тушунишмайди”
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 август куни Криштиану Роналду Туриннинг “Ювентус” клубидан “Манчестер Юнайтед”га қайтди. Жорий мавсумда форвард “қизил иблислар” сафида 8 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди.
Аввалроқ, италиялик собиқ футболчи Антонио Кассано ўзи тузган тарихдаги энг яхши бешта футболчи рўйхатида Роналдунинг номи йўқлигини маълум қилганди.
Маълумот учун, Криштиану Роналду ЕЧЛ 3-туридан ўрин олган “Аталанта”га қарши учрашувнинг 81-дақиқасида гол уриб, жамоасига ғалаба келтирган эди.