Британиянинг янги Бош вазири ишни Сунакнинг депортация дастурини тугатишдан бошлади
Олам
−
06 Июль
15439Буюк Британиянинг янги Бош вазири Кир Стармер расмий Лондоннинг ноқонуний муҳожирларни Руандага ҳайдаб чиқариш дастури тугатилганини айтди. Бу ҳақда у янги Лейбористлар ҳукуматининг биринчи йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида маълум қилди.
“Чегарани ноқонуний кесиб ўтган бошпана изловчиларни Руандага депортация қилиш дастури Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Риши Сунакнинг асосий режаси эди. У ҳуқуқ ҳимоячилари ва суднинг қаттиқ қаршиликларига қарамай, буни давом эттирди”, деган Стармер.
Ушбу дастурни тугатиш Лейбористлар партиясининг сайловолди ваъдаларидан бири эди. Стармер депортация режаларини танқид қилди ва Сунакнинг режасига чек қўйди. Шу ўринда, депортация жараёнлари молиявий жиҳатдан мустаҳкам эмаслигини ҳам қўшимча қилди. Собиқ бош вазирнинг бу режаси мамлакатнинг 2023 йилги “Ноқонуний миграция тўғрисида”ги қонунига асосланган эди.
Буюк Британиянинг олдинги ҳукумати Руандага ноқонуний келган барча муҳожирларни, келиб чиқиши мамлакатидан қатъи назар, бошпана сўровларини кўриб чиқмасдан чиқариб юбориш ниятида эди. Шу мақсадда Руанда хавфсиз учинчи давлат деб эълон қилинган. Депортация қилинадиган биринчи ноқонуний муҳожирлар Буюк Британияда жорий йилнинг май ойи бошида қўлга олинган. Умуман олганда, Британия расмийлари йил охиригача у ерга 5700 нафар ноқонуний муҳожирни юборишни режалаштирганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган Лейбористлар партияси раҳбари Кир Стармер мамлакатнинг янги Бош вазирига айланганди.
LiveБарчаси