Британиянинг атом сувости кемаси заводида ёнғин чиқди
Олам
−
30 Октябрь
1959Буюк Британиянинг шимоли-ғарбидаги Барроу-ин-Фернесс шаҳрида жойлашган BAE Systems мудофаа компаниясига тегишли Devonshire Dock Hall (DDH) кемасозлик заводида бугун, 30 октябрь куни ёнғин чиқди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Полиция маълумотларига кўра, катта ёнғин ярим тундан сўнг бошланган. Ҳодиса оқибатида икки киши тан жароҳати олиб, ёнган маҳсулотлардан заҳарланиш гумони билан шифохонага ётқизилган. Корхонадаги барча одамлар эвакуация қилинган, маҳаллий аҳолига эшик ва деразаларини ёпиш, иложи бўлса, кўчага чиқмаслик тавсия қилинган.
“Ядровий ҳодиса хавфи йўқ”, дея қўшимча қилган полиция.
Компания айни пайтда ёнғинни ўчириш учун фавқулодда хизматлар билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилган.
“Associated Press” нашрининг ёзишича, Лондондан 350 км шимоли-ғарбда жойлашган, кемасозлик заводи бундан 150 йил аввал қурилган. Айни пайтда у Британия қироллик денгиз флоти учун бир нечта атом сувости кемаларини қурмоқда. Гап Astute ва Dreadnought синфидаги сув ости кемалари ҳақида кетмоқда. У ерда 10 мингдан ортиқ одам ишлайди. Компания маълумотларига кўра, тахминан 6 гектар майдонни эгаллаган бу ҳудуд Европадаги иккинчи йирик кемасозлик мажмуасидир.
BAE Systems – дунёдаги энг йирик қурол ишлаб чиқарувчилардан биридир. Унинг маҳсулотлар рўйхати танклар ва қирувчи самолётларни ҳам ўз ичига олади ва у ишлаб чиқарадиган қуроллар Украинага ҳам етказиб берилади.
2023 йилнинг август ойида Украина BAE Systems билан биргаликда қурол ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузган. 2024 йил баҳорида компания Буюк Британия Мудофаа вазирлиги билан Украинада енгил қуролларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича шартнома имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойининг охири – июнь ойи бошида Хитойда энг янги атом сувости кемаси чўкиб кетгани маълум бўлганди. “The Wall Street Journal” нашрига кўра, Чжоу типидаги сувости кемаси ўз туридаги биринчи сувости кемаси ҳисобланади. У China State Shipbuilding Corp томонидан Вуачанг кемасозлик заводида қурилган. “Planet Labs” сунъий йўлдош суратларига таянилса, сувости кемаси охирги марта май ойининг охирида Янцзи дарёсидаги искалада кўрилган. Сувости кемаси у ерда денгизга чиқишдан олдин жиҳозланган. Июнь ойи бошида кемани дарё тубидан кўтариш учун кранлар чўкиш жойига етиб келган. Хитой расмийлари эса бу ҳақиқатни яширган.
LiveБарчаси