Британия ҳам Россияга қарши йирик санкциялар пакетини эълон қилди

Олам

image
Ўзбекистон компанияси ҳам ЕИнинг Россияга қарши санкцияларига “илинди” north_east

Ўзбекистон компанияси ҳам ЕИнинг Россияга қарши санкцияларига “илинди”

Европа Иттифоқи ортидан Буюк Британия ҳам Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтирди. Россиянинг Украинага бостириб кирганининг уч йиллиги муносабати билан эълон қилинган чекловлар рўйхати 107 банддан иборат. Янги пакет Россия Қуролли кучлари таъминот занжири, “Путиннинг ноқонуний урушини қўллаб-қувватлайдиган даромадлар” ҳамда Кремлга фойда келтираётган клептократларга қаратилган. Бу ҳақда Британия ҳукумати баёнот берди.

Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми янги санкциялар пакетини “Россиянинг босқинидан бери энг йириги” деб атаган.

“Янги чора-тадбирлар Буюк Британиянинг Украинага содиқлигини таъкидлайди. Барқарор тинчлик фақат куч билан таъминланиши мумкин. Шу сабабли биз Украинани иложи борича кучли ҳолатга қўйишга эътибор қаратмоқдамиз”, дейди у.

Санкциялар дастгоҳлар, электроника ва икки мақсадда фойдаланишдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи компанияларга таъсир кўрсатади. Бунга қурол тизимларида ишлатиладиган микропроцессорлар ҳам киради. Чекловга тушган корхоналар Россиядан ташқари Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Тайланд, Ҳиндистон ва Хитойда жойлашган.

Британия ҳукумати Хитойни “Россия армияси учун муҳим товарларнинг энг йирик етказиб берувчиси” деб атаган. Хусусан, Россияга уруш эҳтиёжлари учун санкция остидаги технологияларни етказиб бераётган Грант-Трейд компанияси, кўмир саноатидаги Русская Энергия ва Сибантросит корхоналари, кемаларга радарлар ишлаб чиқарувчи НПП Салют, шунингдек, Авилон автомобиль гуруҳи (унинг манфаатдор шахслари Пробизнесбанкдаги маблағларни Россия Бош прокуратураси раҳбариятининг фойдасига легаллаштириш билан боғлиқ), S7 авиакомпанияси ва унинг ҳаммуассиси Владислав Филев санкциялар рўйхатига киритилган.

“Биз Қирғизистонда жойлашган Керемет Банк очиқ акциядорлик жамияти устидан санкциялар жорий этмоқдамиз. Бу эса Россиянинг ўз ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун халқаро молиявий тизимдан фойдаланишини тўсиб қўяди”, дейилади Британия ҳукумати баёнотида.

Бундан ташқари, санкциялар рўйхатига Россия иқтисодиётининг стратегик тармоқларини бошқараётган 14 нафар “янги” клептократ ҳам киритилган. Улардан бири Новапорт эгаси Роман Троценко бўлиб, у Россиядаги энг бой одамлардан бири сифатида тилга олинган. Шунингдек, унинг ўғли Глеб Троценко, Роснефт раҳбари Игорь Сечин билан яқин бизнес алоқаларига эга Эдуард Худайнатов (ФБК текширувига кўра, у Россия Президенти Владимир Путиннинг яхтасининг номинал эгаси бўлиб, Сечиннинг “канизаклари”га маош тўлаган), тадбиркор Мишель Литвак, банкир Игорь Ким, сенатор Арсен Каноков (Вкусно и точка брендининг ҳаммуассиси), “Царьград” телеканали бош директори Наталия Тюрина, шунингдек, “Грант-Трейд” эгаси Марат Мустафоев ва унинг опаси Динара ҳам чекловлар остига тушди.

Шунингдек, Россия Марказий сайлов комиссияси раис ўринбосари Николай Булаев ва Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Денис Попов устидан ҳам санкциялар жорий қилинган. Санкциялар Шимолий Корея Мудофаа вазири Но Кван Чхол ва бошқа бир қатор шимолий кореялик генераллар ҳамда юқори мартабали амалдорларни ҳам қамраб олади. 

Бундан ташқари, Россиянинг нефть маҳсулотларини ташувчи “соя” флотидаги яна 40 та кема чекловга учради.

“Ушбу кемалар охирги олти ой ичида Россиянинг 5 миллиард доллардан ортиқ нефть ва нефть маҳсулотларини ташиган. Умуман олганда, Буюк Британия томонидан санкция жорий қилинган танкерлар сони 133 тага етди, бу Европа давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир”, дейилади Британия ҳукумати баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 16-раундини расман қабул қилган эди. Янги пакет Россия иқтисодиётининг энергетика, савдо, транспорт, инфратузилма ва молиявий хизматлар каби асосий тармоқларига қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни ўз ичига олади, шунингдек, санкциялардан қочиш ва Россия дезинформациясига қарши курашни кучайтиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия санкция Россия-Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг