Бразилияда самолёт автобус устига қулаб тушди (видео)
Олам
−
07 Февраль 8478 2 дақиқа
Бугун, 7 февраль куни Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида самолёт ичида йўловчилари бўлган автобус устига қулаб тушди. Бу ҳақда “GB News” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳажми кичик бўлган King Air F90 самолёти Сан-Паулуда фавқулодда қўнишга уриниб кўрган, аммо у қўнишни амалга оширолмай, автомобиль йўлига қулаб тушган. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган.
“Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 07:20 атрофида Маркес де Сан-Висенте проспектида содир бўлиб, катта ёнғинга сабаб бўлди”, дейилади хабарда.
Ўт ўчириш бошқармаси маълумотларига кўра, самолёт ичидан икки куйган жасад топилган. Қутқарув гуруҳлари томонидан жами етти киши қутқариб олинган. Уларнинг соғлиғи ҳақида маълумот йўқ.
“Фавқулодда хизматлар ёнғинни ўчириш устида ишламоқда. Воқеа жойига вертолёт етиб келди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 30 январга ўтар кечаси Вашингтондаги Рональд Рейган аэропортида American Airlines авиакомпаниясига тегишли Bombardier CRJ700 минтақавий йўловчи самолёти Sikorsky H-60 (Black Hawk) ҳарбий вертолёти билан қўниш чоғида тўқнашганди. Лайнер бортида 60 нафар йўловчи ва тўрт экипаж аъзоси бўлган, вертолётда эса уч киши бор эди. 4 февраль куни эса қутқарувчилар АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ҳалокатга учраган Bombardier CRJ700 йўловчи самолёти ва у билан тўқнашган вертолётда бўлган умумий 67 нафар қурбоннинг жасадини Потомак дарёсидан чиқариб олганди.
Live
Барчаси