БП ишда вафот этган ходими учун қарийб 1 млрд нафақа тўлаш қарорига эътирозли муносабат билдирди
Жамият
−
30 Март 2022
19748Аввалроқ, Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими прокурори лавозимида ишлаган марҳум ходими Самир Раҳмоновнинг ўлими учун унинг турмуш ўртоғи фойдасига 951 миллион 200 минг сўм бир йўла тўланадиган нафақа пули ва 20 миллион сўм маънавий зарарни тўлаб бериши ҳақида маълум қилганди.
Мазкур хабар Бош прокуратура расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ушбу қарор ҳали қонуний жиҳатдан кучга кирмаган.
“Биринчидан, прокуратура органлари тизимидаги ҳар бир ходим ва унинг оила аъзоларининг муносиб ижтимоий ҳимоя қилинишидан биринчи навбатда Бош прокуратуранинг ўзи манфаатдордир;
иккинчидан, ҳар қандай ижтимоий ҳимоя, хусусан нафақа пулларининг тўлови қонунга сўзсиз риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши шарт.
Айниқса, бюджет интизомига риоя этилишини назорат қилишга масъул бўлган, айнан бюджетдан молиялаштириладиган прокуратура органларида бу тамойил устувор аҳамиятга эга.
Бинобарин, марҳум ходим С.Раҳмоновнинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига тегишли тўловлар қонунда белгиланган энг юқори миқдорда тўлаб берилган;
учинчидан, ҳали қонуний кучга кирмаган фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг Н.Раҳмонова даъволарини қисман қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг асослилиги Бош прокуратура томонидан атрофлича ўрганилади ва тегишли муносабат билдирилади.
Зотан, амалиётда ҳатто қотилликда ва бошқа оғир жиноятларда айбланган фуқароларнинг қуйи инстанция судлари томонидан асоссиз оқлангани ёки аксинча, айбсизлар айбдор деб топилгани, прокуратуранинг саъй-ҳаракатлари билан эса, адолат қарор топганига оид кўплаб маълумотлар жамоатчиликка яхши маълум”, дейилади БП баёнотида.
Шу боис, Бош прокуратура судлар томонидан ҳали қонуний кучга кирмаган қарорлар юзасидан шошма-шошарлик билан жамоатчиликка ахборот бериш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг апрель ойида Бош прокуратуранинг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов вафот этганди. Шундан сўнг, марҳумнинг отаси депутат А. Раҳмонов марҳум хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этгани, тўрт нафар вояга етмаган фарзанди боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётгани сабаб судга мурожаат қилганди. Бироқ, суд А.Раҳмоновнинг даъвосини рад этган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси Бош прокуратура ходимининг вафотига изоҳ берганди. Изоҳда прокуратура Самир Раҳмоновнинг вафоти ҳақида тегишли Низом белгиланган тартибга биноан тегишли идораларга маълум қилмагани айтилган.
Шундан сўнг апелляция инстанцияси 2021 йил 6 декабрь куни биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши ҳақида қарор чиқарганди.
LiveБарчаси