Бош прокуратурага қарши очилган иш судда қайта кўрилади
Жамият
−
06 Декабрь 2021
9111Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходими Самир Раҳмоновнинг отаси А.Раҳмонов хизмат вақтида вафот этган ўғли учун нафақа пули тўланмаётгани сабабли судга мурожаат қилганди. Суд эса А.Раҳмоновнинг даъвосини рад этган.
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати ушбу иш юзасидан қўшимча расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, А.Раҳмонов мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, судга апелляция шикояти киритган. Ушбу апелляция шикояти жорий йилнинг 12 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриш бошланган.
“Ишни кўришда марҳум С. Раҳмоновнинг хотини Н. Раҳмонова ишга жалб қилинмагани, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилмаганини, биринчи инстанция судида кўрилиши мобайнида даъвогар А. Раҳмоновда унинг манфаатларида судга мурожаат қилиш ва иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ишончнома бўлмаганини, қолаверса, А. Раҳмоновнинг ўзи боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олиш ҳуқуқига эга шахслар доирасига кирмаслиги сабабли, 2021 йил 6 декабрь куни судлов ҳайъатининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилди”, дейилади баёнотда.
Маълум қилинишича, ишни кўриш чоғида қонунчилик бузилгани, ишни пухта ўрганмаганлиги сабабли жорий йилнинг 6 декабрь куни судлов ҳайъатининг ажрими билан Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали Морфология бўлими Сергели пунктининг давлат суд тиббий экспертизасининг бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг бошлиғига нисбатан хусусий ажримлар чиқарилган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг апрель ойида Бош прокуратуранинг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов вафот этганди. Шундан сўнг, марҳумнинг отаси депутат А. Раҳмонов марҳум хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этгани, тўрт нафар вояга етмаган фарзанди боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётгани сабаб судга мурожаат қилганди. Бироқ, суд А.Раҳмоновнинг даъвосини рад этган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси Бош прокуратура ходимининг вафотига изоҳ берганди. Изоҳда прокуратура Самир Раҳмоновнинг вафоти ҳақида тегишли Низом белгиланган тартибга биноан тегишли идораларга маълум қилмагани айтилган.
LiveБарчаси