Иш жойида вафот этган 33 ёшли прокурорнинг отаси Бош прокуратурани судга берди

Жамият 37589
image

Жорий йилнинг апрель ойида Бош прокуратуранинг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг қайд этишича, марҳумнинг отаси депутатга мурожаат қилиб, марҳум хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этганлиги, тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётганини билдирган.

“Мурожаатга тикилган тиббиёт ходимларининг 26.04.2021 йилдаги 10-сонли далолатномасида соат 10:35да тиббиёт бўлимига прокуратура ходимлари томонидан С.Рахмоновнинг жасади олиб келингани билдирилган. Демак марҳумнинг иш вақтида иш жойида вафот этгани инкор этиб бўлмас факт”, дейилади хабарда. 

Депутат Меҳнат кодексининг 192 ва 194-моддасида ходим меҳнат вазифаларини бажариш сабабли вафот этса зарарни тўлаши шартлиги, ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори, марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкинмаслиги белгиланганини эслаб ўтган.

Шунингдек, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 51-моддасида прокуратура органлари ходимларининг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳимоясида бўлади ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурталаниши ва суғурта органлари прокуратура ходими ишлаётган даврида вафот этса, унинг меросхўрларига Меҳнат кодексининг 194 моддаси 2-қисмида назарда тутилган тартибда суғурта суммасини тўлаши кўрсатиб ўтилган.

“Бироқ Бош прокуратура томонидан марҳум ходимнинг оила аъзоларига қонунда белгиланган нафақа пуллари берилмаган. Охири марҳумнинг отаси адолат излаб судга арз қилган”, дея қайд этган депутат.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди эса даъво аризани қаноатлантиришдан рад этган. 

“Судларимизнинг ҳозирги аҳволида Бош прокуратурага қарши даъвони қаноатлантириш эҳтимоли паст бўлса-да, марҳумнинг отаси қонун ижроси таъминланиши умидида қарор устидан Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти келтирибди: ахир адолат қарор топиши керак-ку”, дейди депутат.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2004
Рейтинг: 3
t
×