Меҳнат инспекцияси Бош прокуратуранинг 33 ёшли ходими иш вақтида вафот этгани бўйича изоҳ берди

Жамият 14441
image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходими Самир Раҳмоновнинг отаси А.Раҳмонов хизмат вақтида вафот этган ўғли учун нафақа пули тўланмаётгани сабабли судга мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эдик. Суд А.Раҳмоновнинг даъвосини рад этди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси Бош прокуратура ходими Самир Раҳмонов жорий йилнинг 26 март куни иш вақтида иш жойида вафот этгани бўйича изоҳ берди.

Унда қайд этилишича, ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ташкилот ҳудудида ва унинг ташқарисида ходимнинг меҳнат вазифаларини бажараётганда юз берган жароҳатланиши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳисобланади.

Мазкур Низомнинг 1-бўлим, 3-бандига асосан табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жабрланувчининг жиноят содир қилиш чоғида шикастланиши ҳолатлари (суд-тиббий экспертиза хулосаси ёки тергов органларининг маълумотларига кўра) текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.

Низомнинг 3-бўлимини 2-бандига асосан гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса тўғрисида иш берувчи дарҳол схемага биноан қуйидагиларга хабар бериши керак:

•    Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига;

•    бахтсиз ҳодиса юз берган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига;

•    иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчига.

Бироқ тиббий хулосага асосан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва вазирлигига, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига мазкур ҳолат бўйича хабар берилмаган.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати марҳумнинг отаси судга мурожаат қилганлигини маълум қилган. Суднинг 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Раҳмоновнинг даъвоси рад қилинган.

“Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисидаги низомнинг 23-бандида Суд органлари томонидан қарор қабул қилингандан кейин Инспекция ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қўшимча хулосалар, тушунчалар Инспекция томонидан берилмаслиги белгиланган”, дейилади расмий изоҳда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 438
Рейтинг: 3
t
×