Божхоначига 9400 доллар пора берган шахс ушланди
Жамият
−
10 Февраль 2021
57834 миллиард сўмлик товарларни ноқонуний олиб кириш учун божхона ходимига 9400 АҚШ доллари миқдорида пора беришга уринган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати маълум қилди.
2020 йилнинг декабрь ойида божхона ходимларидан бирининг телефон рақамларини топиб қўнғироқ қилади ва учрашиб гаплашиб олишни таклиф қилган.
Учрашувда эса ушбу шахс тез кунларда унга тегишли контейнерлар хориждан етиб келишини ва мазкур контейнерларни божхона постига ўрнатилган инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканердан ўтказмасликни ҳамда “Хавфни бошқариш тизими”да хавф гуруҳига киритмасликни сўраган ва божхона ходимига пора таклиф қилган.
Божхона ходими бу таклиф бўйича раҳбариятни хабардор қилган. Шундан сўнг, пора таклиф қилган шахснинг жиноий ҳаракатларини фош қилишга қаратилган режа-топшириқ ишлаб чиқилган.
2021 йил январь ойининг бошларида “тадбиркор” божхона ходимига жами 9400 АҚШ доллари ва 1 дона қимматбаҳо қўл соатини пора тариқасида берган. Тезкор тадбир айнан шу ерга келганида тугатилиши мумкин эди, аммо бу вақтда контейнерлар ҳали Ўзбекистон ҳудудига кириб келмагани боис тезкор тадбирнинг иккинчи босқичига старт берилган.
2021 йилнинг 14-15 январь кунлари кутилган 3 та контейнер “Чуқурсой техник идора” чегара-божхона пости орқали республикамизга кириб келган ва белгиланган тартибдa инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилган.
Контейнердаги юклар билан уларга тегишли ҳужжатлар ўртасида тафовутлар аниқланган ҳамда чуқурлаштирилган божхона кўригидан ўтказиш белгиланган.
Юкларни божхонада расмийлаштириш учун юк эгаларининг хоҳишига биноан контейнерлар Фарғона вилоятидаги “Қўқон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига йўналтирилган. Ушбу постга етгунга қадар контейнерлар божхона пломбалари билан муҳрланган ҳолатда бўлади ва уларни йўл давомида очиш мумкин эмас.
Лекин контейнерлар Данғара туманидаги қишлоқлардан бирига келтирилгач, кўздан пана жойда улардаги пломбаларга шикаст етказилмаган ҳолатда очилади ҳамда контейнердаги қиймати баланд бўлган товарлар – велосипедлар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини қиймати паст бўлган бошқа товарларга алмаштиришаётган вақтда тезкор ходимлар томонидан фош қилинган.
Шунингдек, бу ерда контейнернинг темир асосларини кесиб очишда фойдаланилган мосламалар, бунда қирилган ва ранги кўчган қисмларни бўяш учун бўёқ ва бошқа ашёвий далиллар ҳам олинган.
Воқеа жойида тезкор ходимлар томонидан қиймати 4 млрд. 160 млн. сўмлик 2200 дона болалар, 800 дона катталар, 327 дона турли ўлчамдаги велосипед товарлари, велосипед эҳтиёт қисмлари ва бошқа товарлар, шунингдек, пора тариқасида тақдим қилинган 9400 АҚШ доллари ва 1 дона қўл соати ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси