Бойсундаги кондан яна газ отилди (видео)
Жамият
−
05 Май 2025 16367 2 дақиқа
Бугун, 5 май куни соат тонгги 6:10 да Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақиллик-25” конидаги 202-қудуқда таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
“Таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилди. Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳозирги вақтда ушбу ҳудуд Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан доимий назорат қилинмоқда.
Қайд этилишича, юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмайди.
Эслатиб ўтамиз, 27 март куни мазкур қудуқда таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг чиқиши қайд этилганди. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган. 22 апрель куни қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган, ҳодиса жойида газнинг суст оқими (грифон) кузатилган эди.
Маълум қилинишича, аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар бериб борилади.