Бойсундаги М-25 газ конида яна водород сульфиди отилди

Жамият

image

Кеча, 27 март куни кеч соат 21:00 лар атрофида М-25 газ конидаги 202-сонли қудуқда водород сульфидининг назорат остидаги отилиши юз берган. Табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа жойига зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бригадаси етиб борган. Шунингдек, ишларни ташкил этиш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар таркибида ташкил этилган махсус штаб вакиллари ҳам ҳодиса жойига етиб борган.

Билдирилишича, айни пайтда керакли барча чора-тадбирлар зарур техника ҳамда ускуналардан самарали фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилмоқда.

“Алоҳида таъкидлаш лозимки, юзага келган мазкур ҳолат аҳоли ва яқин атрофдаги ҳудудларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Жараён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан тўлиқ назорат остига олинган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда ушбу вазият ҳамда ёнғиннинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилмоқда. Бу ҳақдаги батафсил маълумот ишлар якунланганидан сўнг маълум қилинади.

“М-25 газ конини ўзлаштириш жараёни ўзига хос мураккабликка эга бўлиб, бу ерда халқаро тажрибадан фойдаланиб, кучайтирилган назорат чоралари амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 1 сентябрь куни “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борган. 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилганди. 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳудуддан юқори концентрациядаги водород сульфид чиқмаётганини айтди ва юзага келган вазият ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳолат эканини таъкидлаганди. Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев эса ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этганини айтган. Кейинроқ эса ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро вафот этгани маълум бўлди. 11 нафар фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бойсун М-25

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг