Бойсундаги кон ҳудудида оловли майдонлар юзага келганига изоҳ берилди (видео)
3-саҳифа
−
20 Январь
11445Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Кофрун” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) кони жойлашган ҳудудда оловли майдонлар юзага келгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, кон ҳудудида ҳеч қандай кутилмаган вазиятлар юзага келмаган. Бугунги кунда 2024 йилнинг сентябрь ойида метан эмиссияси содир бўлган қудуқ ўрнида объектни консервация қилиш бўйича режалаштирилган ишлар олиб борилмоқда ва бу ерда доимий мониторинг юритиляпти. 604-сонли қудуқда тозалаш ишлари олиб борилаётганда қудуқдан олис ҳудудларда ер юзасига яқин жойлашган бўшлиқлар ва коллекторлардаги микро ёриқларда кичик ҳажмдаги газ тўпланган. Айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кислотали газларнинг атмосферага чиқишини олдини олишдан иборат.
Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб беради. Режалаштирилган консервация ва профилактика ишлари мазкур технологик жараённинг ўзига хос хусусиятларини тушунмайдиган одамлар бошқача талқин қилиши мумкин бўлган бир қатор операциялардан иборат. Вазирлик бунга ҳолат бўйича тарқалган видеолавҳани яхши мисол бўла олади, дея кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борди. 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилганди. 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳудуддан юқори концентрациядаги водород сульфид чиқмаётганини айтди ва юзага келган вазият ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳолат эканини таъкидлади. Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев эса ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этганини айтганди.
LiveБарчаси