Бойсундаги бузилаётган бозор можаросига туман ҳокимлиги муносабат билдирди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Бойсун тумани ҳокими эски бозорни буздириб, савдогарларни янги бозорга ўтказмоқчилиги ҳақида хабар тарқалган эди. Шу муносабат билан, Бойсун тумани ҳокимлиги бу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Таъкидланишича, Бойсун туманининг “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудидан “Деҳқон (озиқ-овқат) бозори” учун 1,67 гектар ер майдони ажратилиб, бу ерда замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатиш учун барча шароитларга эга савдо мажмуаси қуриб битказилган.

Шу сабабли, “Тузбозор” маҳалласи ҳудудида жойлашган эски деҳқон бозорида савдо-сотиқ қилиб келаётган сотувчиларга ўз фаолиятларини ушбу янги бозорда давом эттириш тўғрисида огоҳлантирилиб келинган. Ҳокимлик томонидан таъкидланишича, тармоқда тарқалган видеодаги экскаватор эса бозорни бузишга эмас алоқа кабелини ётқизиш мақсадида олиб келингани айтилмоқда.

“Видео материалда нотўғри талқин қилинганидек, эски бозорга кираверишдаги чорраҳада турган экскаватор бу бозорни бузиш учун эмас, балки “Ўзбектелеком” АК вилоят филиали Бойсун телекоммуникация боғланмаси томонидан А.Навоий номли ҳамда “Истиқлол” кўчалари бўйлаб халқаро оптик толали алоқа кабелини ётқизиш мақсадида бу кўчада қазиш ишларини бажариш учунгина киритилган. Қолаверса, ушбу кўчаларда транспорт қатновининг вақтинча чекланиши бу ерда ишлаётган ишчи-ходимларнинг фаолият хавфсизлигини таъминлаш учун қилинган“, дейилади баёнотда.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат фуқароларда тушунмовчиликни келтириб чиқарганлиги сабабли, туман ҳокимлиги ва бошқа алоқадор соҳа ходимлари бу ерда бўлиб, вазиятни уларга тўғри тушунтиришган. Ҳозирда мазкур англашилмовчилик билан боғлиқ муаммо йўқ. Шунингдек, бу кўчаларда халқаро оптик толали алоқа кабелини ётқизиш ишлари ўрнатилган тартибда давом эттирилиши айтиб ўтилган.

Баёнот сўнгида, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 28 апрелда имзоланган “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020—2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларини, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллаларни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ҳамда алоқа хизматлари сифатини оширишни кўзда тутган ҳолда мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш вазифаси белгилангани келтириб ўтилган.

 

Мақола муаллифи

Теглар

Бойсун Бозор бузилиши

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг